You are currently viewing Йогуртнинг организмга фойдаси ва зарарли томонлари
Йогурт

Йогурт нима ўзи? У ичаклар учун “яхши” бўлган лактобактериялар билан ачитилган сут  маҳсулоти.

Сут оқсили ҳазм бўлиши жараёнида ушбу лактобактериялар организм учун фойдали бўлган озуқа моддаларини қайта ишлайди. Сут-қатиқ маҳсулотлари орасида йогурт қимматли озуқа ҳисобланади.

Таркибида нималар бор? Бир стакан йогуртда 8 гр оқсил, 400мг «кальций», «калий» ва «В» дармондорилари бор.

Йогурт ўзидаги лактобактериялар фаолияти натижасида сутга нисбатан кўп миқдорда ўзида В12, В3 ва А витаминларини сақлайди.

«В» гуруҳидаги витаминлар асаб тизимининг меъёрий фаолияти, қонда холестерин миқдорини ошмаслиги ва танага қувват олиш учун зарур.

Витамин «А» эса, тери ва кўз соғломлиги ҳамда организмнинг инфекцияларга қарши курашиши учун зарур ҳисобланади.

Фойдали хусусияти  нимада? Айрим йогурт турларида тирик био-бактериялар борлиги  туфайли организм учун жуда фойдали:

  • танада қон айланишни яхшилайди;
  • иммун  тизими мустаҳкамланади. Уни истеъмол қилиш организмда вируслар кўпайишига тўсқинлик қиладиган гамма-интерферон синтезига ва цитокинлар, лимфоцитлар ҳамда барча табиий ҳужайралар кўпайишига ёрдам беради;
  • ичакларда меъёрий микрофлора муҳити сақлариб туради.
  • йогурт ҳазм қилишни яхшилайди: ундаги “яхши” бактериялар ҳазм қилиш аъзоларида кислоталилик муҳитини сақлаб туради, қориннинг дам бўлиши ва ич бузилишига йўл қўймайди, озиқ моддаларнинг танага сўрилишини яхшилайди;
  • у сутга нисбатан яхши сўрилади;
  • йогурт – организмнинг микробларга қарши курашишида ёрдамчи ҳисобланади. Йогурт таркибидаги  кальций танада патоген микрофлора юзага келишига йўл қўймайди. Ошқозон – ичак тизимида муаммолари бўлган кишилар ҳам, сутдаги оқсилга сезувчан бўлганлар ҳам бемалол истеъмол қилишлари мумкин;
  • йогурт  ёшартиради – Мутахассислар фикрига кўра, инсон танасига йиллар давомида ичакларда маълум миқдордаги патоген микроблар туфайли пайдо бўладиган зарарли моддалар таъсир этиб туради, бу эса организм тозаланиб турмаганида тез қаришга сабаб бўлади. Йогурт истеъмоли эса, бундай пайтда ичакларда кечаётган жараён муҳитини ўзгартириб, танани заҳарланишдан сақлайди.
  •  

Ишлаб чиқаришдаги ҳар бир тайёр маҳсулот сингари савдо шахобчаларидаги йогуртга ҳам консервантлар, стабилизаторлар,  эмульгаторлар, таъм берувчи ва  ранг берувчи кимёвий моддалар, рафинадланган шакар, желатин ҳамда кам миқдорда лакто бактериялар қўшилади. Шу сабабдан агар йогурт сотиб олаётган бўлсангиз савдо шахобчаларида сотилаётган йогурт таркиби билан танишиб, фойдалисини танланг. Таркибида тирик пробиотиклар бўлган йогурт организм  учун фойдали. Сотиб олаётганда албатта яроқлилик муддатига эътибор беринг!

Яхшиси, йогуртни уйда тайёрласангиз янада яхши. Уй шароитида ҳам турли хил турдаги йогуртларни тайёрлаш мумкин. Бунда тайёрлаш қоидалари ва меъёрларига амал  қилиш керак бўлади!

Агар йогуртни уйда  тайёрласангиз, у:

  • табиий ва янги тайёрланган ҳамда кимёвий қўшимчалардан холи бўлади;
  • сифати кафолатланган, мазали бўлиши  билан бирга фойдалилиги билан ажралиб туради.