You are currently viewing Соғлиқнинг оддий кўрсаткичларига беэътибор бўлманг!

Агар кишилар хизмат вазифаси ёки уй ишларини бажара оладиган бўлса- соғлиқни “яхши” деб ўйлайдилар, бордию унинг саломатлигида бирон муаммолар пайдо бўлиб, аҳволи оғирлашганда –“ёмон“, деб баҳолайдилар.

 Аслида соғлиқ учун қуйидаги оддий кўрсаткичлар ҳам муҳимлигини ҳамма ҳам билавермайди.

  • Ишчанлик. Агарда киши организмида барча ҳаётий жараёнлар меъёрида кетса, соғлом одам одатдаги иш юкламаларини бемалол бажаради. Ишчанликни таъминлашнинг энг самарали усули бажарадиган ишни маълум бир тартибга буйсундириш, яъни иш ва дам олиш оралиқларини тўғри белгилаш. Одатда киши кўп ишлаганидан эмас, балки, тартибсиз ишлаганидан чарчайди. Табиат ишчанликни бизнинг ирсиятимизга жойлаганки, шу боисдан у саломатлигимизнинг даражасини белгилайдиган асосий кўрсаткичлардан биридир.
  •  Чиниққан тана. Чиниқишдан кўзда тутиладиган мақсад организмнинг иссиқ ва совуқ ҳарорат шароитларига мослаша олиш имкониятларини таъминлаш. Эрталабки қуёш нурларида бир муддат бўлиш фойдали. Фаол ҳаёт тарзида яшаш – мунтазам равишда эрталабки бадантарбия, кун давомида жисмоний машқлар бажариш ҳамда спортнинг бирор тури билан шуғулланиш, тоза ҳавода сайр қилиш, пиёда юриш – буларнинг барчаси танани чиниқтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, чиниқиш – тананинг ташқи салбий омилларга, шу жумладан инфекцияга қарши курашувчанлигини оширади.
  •  Яхши иштаҳа Яхши иштаҳа деганда овқатхўрликни тушунмаслик керак. Яхши иштаҳа бу организмда ҳақиқий очлик пайдо бўлганда содир бўлади. Демак, овқатланишдаги асосий талаб очлик ва тўқлик ўртасидаги меьёрни топиш ва шу ҳолатни сақлаб бориш керак. Яхши иштаҳа бўлиши учун кайфият ҳам жуда муҳим. Ва албатта овқатланиш маданияти – тўғри танланган таомнома, тозалик, безатилган дастурхон ва меъёрда егуликлар.
  •  Тез ва чуқур уйқу. Соғлом одамнинг уйқуси тинч ва узлуксиз бўлади. Тартибга келтирилган иш ва кун тартибида соғлом одам 3-4 минут ичида ухлаб қолади ва эрталаб яхши кайфиятда уйғонади. Агарда киши узоқ вақт ухлай олмаса, уйқусида тез-тез уйғонса, уйқудан кейин ўзини ланж ва кайфиятсиз сезса бундай уйқу саломатликни, айниқса асаблар тизимининг яхши эмаслигидан далолат беради. Уйқуни яхшилаш учун энг аввало кундалик уйқуга ётиш вақтини тартибга келтириш катта аҳамиятга эга. Уйқу вақтида асаблар тинчлиги ҳисобига ички аъзоларнинг иши яхшиланади.
  •  Яхши хотира. Кимдаки, хотира яхши бўлса, унинг ахборотларни эсда қолдириш имконияти кўп бўлади ва бу ҳол унинг билимдонлик даражасини белгилайди. Бундан ташқари, хотира кўпгина ҳаётий вазиятларни, воқеа-ҳодисаларни солиштириш, баҳолаш ва тўғри хулосалар чиқариш имкониятини беради. Лекин хотирани киши ўз ҳаёти давомида ҳам яхшилашнинг имкониятлари кўп. Кун ва иш тартибига риоя қилиш, жисмоний юкламаларни тўғри белгилаш, овқатланишни онгли ташкил қилиш, айниқса, бадиий китоблар ўқиш, шеърлар ёдлаш кабиларни кўп машқ қилиш ҳам хотирани мустаҳкамлайди. Демак, хотира ҳам организмнинг умумий ҳолатига боғлиқ бўлиб, саломатлик даражасини белгилайди.
  • Яхши кайфият. яхши кайфият саломатликнинг асосий кўрсаткичи бўлиб, уни яхшилишнинг имкониятлари кўп. Бу албатта кўпроқ ҳар бир кишининг ўзига боғлиқ. Имон-эътиқодли, соғлом одам ғазаб, қўрқув ва изтироблардан холи бўлиб, ҳар қандай шароитда ҳам босиқ, ўйли, мулоҳазали ва яхши кайфиятда бўлади. Яхши кайфият учун ҳаётдаги ҳар бир нарсадан гўзаллик, мазмун, ҳаётий хулоса топишга ҳаракат қилиш керак. Масалан, гулларнинг ранги ва чиройининг бетакрорлиги, тоғ, дарё манзаралари, кўлнинг сокинлиги, тасвирий санъат асарларидаги ранглар уйғунлиги, шеърдаги шоирнинг ўхшатиш услублари, тарбия кўрган одамнинг муомала маданияти ва яхшиларнинг инсоний сифатларини англаш, сезиш, ҳис қилиш кишига катта ҳузур ва юқори кайфият бағишлайди.