You are currently viewing Шакар истеъмолини назорат қилинг!
Шакар истеъмолини назорат қилинг!

Шакарнинг зарарларини яхшироқ билиш учун унинг таркибини билиш зарур. Шакарда фруктоза миқдори кўп ва у жигарга зарарлидир. У овқат ҳазм қилиш тизимидан ўтиб қонимизга сўрилишидан олдин фруктоза ва глюкозага парчаланади.

Глюкоза – барча тирик мавжудотларда бор бўлиб агар организмимиз уни керакли миқдорда озуқалардан олмаса, ўзи ишлаб чиқариш қобилиятига эга. 

Фруктоза – глюкозадан фарқли ўлароқ организмимиз фруктозани ишлаб чиқармайди. Бунга сабаб бизда унга физиологик эҳтиёж йўқлигидадир.Глюкозанинг ўзига хос жиҳати, у жигар орқали парчаланиб, ишлов берилади.

Каттаю-кичик ширин ичимликлар, кондитер маҳсулотлари, музқаймоқларни севиб истеъмол қилмоқда. Шакар деганда уни оқ-қанд кўринишдаги турини тушуниш нотўғри бўлади. Шакар бир қатор маҳсулотлар таркибига киради. У меваларда, ичимликларда, десерт таомларда бор. Одатда одамлар шакар фақатгина ширинликларда бор, деб ҳисоблашади. Аслида эса шакар – нон, сосиска, кетчуп, гамбургер каби таомларда ҳам учрайди. Аммо ҳамма ҳам буни билавермайди. Биз ҳали турли ширинликлар, ичимликлар ҳақида тўхталмаяпмиз. Агарда буларни ҳаммасини ҳисоблаб кўрсак, кун давомида қанча миқдорда шакар истеъмол қилаётганлигимизни билиб олишимиз мумкин бўлади.

Умуман инсон тановул қиладиган барча таомлар таркибида озми-кўпми шакар бор деса ҳам бўлади. Шунинг учун бир суткада шакар истеъмол қилиш деганда унинг умумий ҳажми назарда тутилади. Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳозирги кунда барча ёшдагилар орасида меъёрдан ортиқ шакар истеъмол қилинар экан (катта ёшдаги одамлар кунига ўртача 22 чой қошиқ, ўсмирлар 34 чой қошиқ атрофида). Бу кўрсаткичлар мутахассислар томонидан анча баланд деб баҳоланади. Бундан ташқари, парҳез сақлаётган ва ёғсизлантирилган маҳсулотларни истеъмол қиладиган одамлар ортиқча шакар миқдорини қабул қилиши кузатилади, чунки айнан ёғсиз махсулотлар одатдагидан кўра кўпроқ ўзида шакар сақлайди.

Шакар миқдорини ортганда, организмда бош оғриши, ошқозон фаолиятини бузилиши, сурункали толиқиш, кайфиятни бузилиши ва бошқа шу каби шикоятларга сабаб бўлади. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, таркибида шакар миқдори бўлган махсулотларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиниши бир қатор касалликларни келтириб чиқарар экан. Шу боис ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шакарни рациондан камайтиришга чақиряпти. 21 асрда тадқиқотларга кўра шакар холестерин миқдорини кўпайтирар экан. Шу билан бирга, шакар билан зарарланган томирларда холестерин моддаси кўпроқ пайдо бўлар экан. Шунинг учун ҳам қандли диабетга чалинган беморларда юрак қон-томир касалликлари тез авж олади.

Шакарни меъёрдан ортиқ истеъмолининг зарарли томони шундаки, ҳужайралар инсулин гормони буйруқларини бажармай қўяди ва инсулинга беписанд бўла бошлайди. Бу ўз навбатида кўплаб қон ва юрак касалликларига йўл очиб беради. Инсулин соғлиғимиз учун жуда муҳим гормон ҳисобланади. У глюкозанинг қонимиздан ҳужайраларга киришини таъминлайди ва ҳужайраларга ёғнинг ўрнига глюкозани сарфлаш кераклигини билдириб туради. Қонда юқори миқдорда глюкоза бўлиши жуда зарарли бўлиб, қандли диабет билан касалланганларда кўриш қобилиятининг пасайиши ва бошқа асоратларга сабаб бўлади.