You are currently viewing Соғлом  турмуш  тарзи  нима?
Соғлом турмуш тарзи нима?

Соғлом турмуш тарзи – бу кундалик ҳаётда  саломатликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлардан иборат бўлган турмуш тарзидир.

Маълумки, саломатлик йўлидаги ҳаракат  биринчи  галда   соғлиқни  асраш ҳамда  соғлом турмуш тарзини ташкил этиш ҳисобланади.

Соғлом турмуш тарзининг асосий талабларини қуйидагича белгилаш мумкин:

  • соғлом овқатланиш;
  • фаол ҳаракатли турмуш ва бадантарбия;
  • кун  тартибини оқилона  ташкил қилиш;
  • шахсий гигиена  қоидаларига  риоя қилиш;
  • зарарли одатлардан тийилиш;
  • тана  вазнини  меъёрда  ушлаш
  • организмнинг ички тозалигини таъминлаш;
  • стрессларга  чидамлилик ва  руҳий  барқарорлик
  • хонадон ва атроф – муҳитнинг тозалиги;
  • соғлом турмуш тарзи борасида  билим ва малакага эга бўлиш.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти «Соғлиқ – бу киши организмида касаллик ёки жисмоний нуқсонларнинг йуқлигигина бўлиб қолмасдан, балки унинг тўла жисмоний, руҳий ҳамда иқтисодий соғлом ҳолати ҳамдир» деб таърифлайди.

Шуни  таъкидлаш лозимки, ҳозирги замон кишиси ўз соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун жуда кўп имкониятларга эга.  Бу имкониятлар  орқали  инсон организми ҳолати ва физиологик қонуниятларига мос фаол турмуш тарзини ташкил қилиши мумкин. Шундай ташкил қилинган турмуш – соғлом турмуш тарзи, дейилади. Бу эса  яна кишининг ўзига, унинг ҳаётга муносабатига, яшашга бўлган хоҳишига боғлиқ.   Демак,  ҳар  бир  инсон ўз  саломатлигига  аввало  ўзи  масъул  эканлигини унутмаслиги  лозим.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) фақат даволашга асосланган табобат кишилар соғлиғини 8-10 фоиздан ортиқ таъминлай олмаслигини ва кишилар соғлиги 50-55 фоиз ҳолатда уларнинг турмуш тарзига, 20 фоиз ҳолатда ирсий омилларга ва яна 20 фоиз ҳолатда атроф-муҳитга боғлиқ, тиббий хизматга 8-10 фоиз ҳолатдагина боғлик эканлигини эълон қилди.

Кейинги йилларда саломатлик ва уни мустаҳкамлашдаги асосий омил  турмуш тарзини  соғломлантириш эканлигини ҳаёт ҳам, фан ҳам тасдиқламоқда.