You are currently viewing Жисмоний фаоллик нима?
Жисмоний фаоллик нима?

Жисмоний фаоллик – бу инсонларнинг ўз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида ҳаракат фаоллигининг турли хилларидан фойдаланиши бўлиб, кун давомида доим ҳаракатда бўлиш, бадантарбия ва жисмоний машқларни бажариш, организмни чиниқтириш демакдир.

Жисмоний машқларни бажариш – бу ҳаёт сифатини ошириш демак.

Кун давомида бадантарбия ва  жисмоний  машқларни бажарган киши  саломатлиги  мустаҳкам бўлади ва  организмнинг касалликларга  қарши кучи ошади,  кексайганда  ҳам  бақувват  бўлади.    Хусусан, юрак қон-томир тизими фаолияти ва мушаклар ҳаракати меъёрда бўлади, модда алмашинуви яхшиланади, организм тўқималари озиқ моддаларни яхши ўзлаштиради, парчаланган моддалар эса организмдан тезроқ чиқариб ташланади.

Турли ёшдагилар учун ўртача 10 -15 дақиқалик  эрталабки бадантарбияни бажариш  тавсия этилади. Ҳар бир киши  ўзига мос жисмоний юкламани танлаши лозим. Кун давомида  камида  30  дақиқа жисмоний  машқларни  Машқларни бажаргандан сўнг танани  чиниқтириш  учун сув муолажаси қабул қилиш керак. Жисмоний ҳаракатларни аста-секинлик билан бошлаш ва уларнинг ҳажмини оз-оздан кўпайтириш лозим.

Жисмоний  машқларни бажариш даврлари:

  • қизиш даври  –  5-10 минут  енгил жисмоний машқларни бажариш;
  • фаол даври – 10-20 минут асосий машқларни бажариш;
  • дам олиш даври   –  5-10 минут давом этади.

Доимий узлуксиз равишда бажариладиган жисмоний ҳаракат киши соғлиғига ижобий  таъсир этади:  – тана вазнини назорат қилишда энг муҳим ҳисобланади, – организмдаги калорияни сарфлаш эвазига вазннинг камайишини тезлаштиради, – организмда тўпланган ёғ қатламининг ўзлаштирилишига ёрдам беради ва – мушаклар ҳажмини кўпайтиради. Машқлар ва ҳар қандай жисмоний фаоллик нафақат стрессларни бартараф этади, балки организм ҳолатини яхшилаб, яшаш давомийлигини узайтиради. Уйқуга ётишдан олдин 15-20 дақиқа  сайр қилиш  кун давомидаги  чарчоқларни  бартараф этади ва  уйқу  сифатини  яхшилайди.

Фаол ҳаёт  тарзини  танлаган  инсонлар  албатта  ўзлари  ҳоҳлаган  бирорта  спорт тури  билан ҳам шуғулланишга  ҳаракат  қиладилар. Афсуски, ҳозирги кунда барча  ёшдагилар, жумладан  ёшларимиз ўртасида ҳам  жисмоний фаоллик сезиларли камайганлиги кўзга ташланмоқда. Шу боис жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, камҳаракатлиликка  йўл қўймаслик  ва  аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб қилиш янада  долзарб бўлмоқда.

Камҳаракатли ва носоғлом ҳаёт  тарзи касалликларга, азоб-уқубатларга ва охир оқибатда қисқа  умрга етаклайди. Соғлом турмуш эса, саломатликка, бахтли ҳаётга   узоқ ва  сермаҳсул умрга етаклайди.