Қулупнай – хуштаъм резавор мева
Қулупнай энг мазали ва фойдали мева. Уни умрида бир бор еб кўрмаган инсон бўлмаса керак. Айни баҳор кунларида юртимиз бозорлари деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қулупнайлар билан тўлади.
У аҳолини эрта баҳорда витаминларга бой мева билан таъминлайди ва иммунитетини кучайтиради Унинг меваси қанд, органик кислоталар, туз, темир, фосфор, кальций, А,В,С витаминларга, барглари эса аскорбин кислотага бой. Баҳор ва ёз ойларида меванинг ўзи истеъмол қилинса, қишга ундан мураббо ва шарбатлар тайёрлаб қўйилади. Мазкур резаворни нафақат болалар, балки катталар ҳам севиб истеъмол қиладилар
Тарихий маълумотларга қараганда қулупнайнинг ватани Америка қитъаси бўлиб, милоддан аввалги II- I асрларда ҳам одамлар қулупнай етиштириш билан шуғулланишган экан. Йиллар ўтиб қулупнай нафақат мазали резовор мева, балки шифобахш экани ҳам маълум бўлган. Дунё бўйича қулупнайнинг 300 та тури мавжуд экан.
Республикамиздаги мевали ва резавор ўсимликлар ичида қулупнай меваси ўта мазалилиги, дориворлилиги билан ажралиб туради.
Ўзбекистонда кўпроқ боғ Қулупнайи тури экилади. Май-июнда пишади. Меваси тўқ қизил, Таркибида 80— 90% сув, 7-11% қанд, 0,8—1,6% кислота, 1 — 1,7% пек-тин, 0,9—1,2% азотли моддалар, шунингдек, клетчатка, А, В, С витаминлари ва ҳ.к.бор.
Бундан ташқари, қулупнай кам калорияли мева ҳисобланади. 100 грамм қулупнайда 30 ккал калория мавжуд. Бу мевада сахароза кўп, аммо фруктоза анчайин етарли. Ёғ умуман йўқ, оқсиллар кўп. Бу парҳезга амал қилувчилар учун жуда яхши. Агар вазн ошиб кетишидан чўчимасангиз, унда қулупнайни қаймоқ, сметана ёки творог билан бирга истеъмол қилсангиз бўлади. Ушбу маҳсулотлардаги ёғлар ичак деворларига бирикади ва қулупнайнинг безовта қилувчи ҳолатларининг олдини олади.
Бу резавор жуда кўп фойдали модда ҳамда минераллар манбаи ҳисобланади. Қулупнайнинг таркибида – темир, магний, калий, кальций, натрий, фосфор, кремний, рух ва мис бор. Витаминлардан эса, А, С, В ва минераллардан: темир, асал, кобальт, марганец, молибден ва фтор мавжуд.
Ундаги антиоксидантлар туфайли тери силлиқ ва таранг кўринишга эга бўлади. Қулупнайда 5-12 фоиз углевод (глюкоза, фруктоза, сахароза), лимон ва олма кислотаси, турли модда ва феноль бирикмалар бор.
Қулупнай ширин ва мазали озуқа бўлиши билан бирга, шифобахш дори ҳамдир. 100 грамм қулупнайда – ёши катта инсоннинг бир кеча кундузда истеъмол қиладиган С витаминининг 90 фоизи мавжуд.Ширин бўлишига қарамай қулупнай таркибида шакар камчиликни ташкил этади.
Ушбу резавор меванинг шифобахш хусусиятлари:
Қулупнай нафақат мазали резавор ва ажойиб ширинлик, балки фаол шифобахш восита ҳамдир. У иштаҳа очиш билан бирга ҳазм қилиш фаолиятини меъёрлаштиради, табиий сийдик ҳайдовчи восита бўлиб, организмдаги туз миқдорини нормаллаштиради. Қулупнай дисбактериозни даволайди. Қулупнайдаги полисахаридлар органик кислоталар билан биргаликда ичак микрофлорасини меъёрлаштиришга, дисбактериозни олдини олишга ва организмдан токсинлар ҳамда оғир металларни ҳайдашга ёрдамлашади. Қулупнай ичакларни тозалашда, жигар ва буйракнинг яхши ишлашига, қабзият ва анемияга қарши фойдали мевадир.
Бундан ташқари, қулупнай тишларни тозалашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, буқоқнинг олдини олишда ҳам қўл келади.
Қулупнай, юрак касалликларидан ҳимоялайди. Кулупнай таркибидаги антиоксидантлар туфайли танадаги “ёмон холестерин”га тўсқинлик қилади, артерияларда “тиқинлар” пайдо бўлишини чеклайди, қон босимини меъёрлаштиради. Бундан ташқари тадқиқотлар шуни кўрсатадики, танада яллиғланиш жараёнини камайтириб, томирларда қон оқишини равонлаштиради ва юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиш хавфини бартараф этади. Қулупнай, шунингдек, юрак фаолиятини яхшилаб, таркибидаги антиоксидантлар организмда юрак ҳуружларига, инсульт ва бошқа коронар томирлар касалликларига сабаб бўладиган оксидланиш жараёнига тўсқинлик қилади. Қулупнайдагиантиоксидантлар организмда қариш жараёнини секинлаштириб, нафақат касалликлар юрак қон –томир касалликлари балки қандли диабетнинг келиб чиқишини олдини олади.
Қулупнай мия ишини фаоллаштириш ва хотирани мустаҳкамлаш хусусиятига эга экан. Тадқиқотлар натижасига кўра, қулупнайдаги флавоноидлар айниқса, антоцианидинов мия фаолиятини яхшилаб, хотира сусайиши, стресслар ва эрта қариш жараёнига қарши курашади. Яъни стрессдан қутулишга ва хотиржам бўлишга ёрдам беради. Шунингдек, нейронлар фаолияти бузилиши билан кечадиган касалликларни олдини олишга имкон беради. Бундан ташқари, қулупнай “антидепрессант” вазифасини ҳам ўтайди. Халқ табобатида қулупнайни бош оғриганда истеъмол қилиш тавсия этилади. Унда аспирин таркибидаги барча моддалар мавжуд экан.
Қулупнайдаги “эллаговая кислота” – ҳужайра циклини бошқаради, яллиғланишга қарши яхши самара беради, қон айланиш тизимига ижобий таъсир этади, ташқи таъсирларга чидамлиликни кучайтириб, иммунитетни оширади. Кимда-ким ўз иммунитетини кучайтиришни истаса, унга қулупнай ёрдам беради.
Қулупнай энергия билан таъминлайди. Қулупнай таркибида етарли миқдорда органик шовул кислотаси мавжуд бўлиб, мазкур модда танани энергия билан таъминлаш хусусиятига эга.
Қулупнай – тирик поливитамин. Қулупнайни мунтазам истеъмол қилиниши мавсумий авитаминозни енгади ва организмни С, Е ва В гуруҳи витаминлари билан тўйнтиради. Бундан ташқари қулупнай таркибида юқори миқдорда металл моддалар – марганец, калий, кальций, мис, кобальт, молибден хусусан енгил ҳазм бўладиган шаклда мавжуд.
Қулупнай, шунингдек, ич қотишни олдини олади, қонни суюлтиради, бактерияларга қарши курашади, витамин танқислигидан халос этадиОрганизм учун айниқса нордонроқ қулупнай фойдали, шу сабабли уни шакар билан эмас, балки сут маҳсулотлари – сметана, қаймоқ ёки сут билан истеъмол қилган маъқул.
Қулупнайни танлашда нималарга эътибор қаратиш лозим? Рангига қараб танласангиз ҳам бўлади. Тўқ қизил рангли қулупнайлар мазаси яхшилигидан ва етилиб пишганлигидан далолат бериб туради. Қулупнайнинг ранги қанча ёрқин бўлса, таркибида витамин шунча кўп бўлади. Бу меванинг ёқимли ҳиди бор, ҳудди ҳар бир меванинг ўз ҳиди бўлганидек. Шу сабаб уни сотиб олаётган вақтингизда зийрак бўлинг – қулупнайни ҳидига ҳам эътибор беринг. Бозордан қулупнай харид қилаётганда, албатта, сарҳиллигига эътибор беринг, гулбанди юлинган бўлмасин. Шуни билиш муҳимки, боғда етиштириладиган қулупнайлар мавсуми 4 ҳафтани ташкил этади. Бошқа вақтда чиққан қулупнайларнинг эса фойдаси камроқ, мазаси ширинсиз бўлади.
Қулупнай қандай сақланади? Бугунги кунда йилнинг исталган вақтида қулупнайларни супермаркетлардан харид қилишимиз мумкин. Бу мевани сақлашнинг умуман кераги йўқ. У ҳатто музлатгичда ҳам узоқ сақланиб турмайди. Қулупнайнинг эрта навлари жуда тез айниб қолади. Қулупнайни кўп сақлаб бўлмайди, вақт ўтган сайин фойдали хусусиятлари камайиб бораверади.Қулупнайни йиғиб олгандан кейин 1-2 кун ичида ейиш керак. Бирданига кўп сотиб олиш ҳам бўлмайди, энг яхшиси уни истеъмол қилганингизча сотиб олинг. Одатда, қулупнайни 2 кундан кўп сақламаслик тавсия қилинади
Қулупнай нитратлардан холи мева. Қулупнай ўстириш учун қандай ер бўлишининг аҳамияти йўқ. Асосийси намлик етарли миқдорда бўлиши керак. Мазкур резавор мева ўғитларга муҳтож эмас, демак нитратлар ҳам унда деярли учрамайди.Агар қулупнай нитратлар ёрдамида етиштирилган бўлса, унда у музлатгич ичида соғлиқ учун жуда зарарли маҳсулотга айланади. Шифокорларнинг уқдиришича, ўз мавсумида етилмаган мева ва сабзавотларнинг таркибида зарарли нитратлар бўларкан ва уларда витаминлар жуда оз. Айниқса, қишда пайдо бўладиган қулупнайларнинг мазаси ҳам сизни у даражада хурсанд қилмайди.
Билиб қўйган яхши! Қулупнайнинг зарарли хусусиятлари борми?
Қулупнайнинг таркибида фойдали витамин ва элементлар кўп бўлгани билан, барчага тенг фойдали бўлавермайди. Таркибидаги кислота сабаб ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар учун у жуда зарарлидир. Қулупнай жуда “инжиқ” мева бўлиб, барчага тенг фойдали бўлавермайди. У айрим кишиларда турли аллергияни қўзғатиши мумкин. Қон босими юқори кишиларга ҳам уни истеъмол қилишни тавсия этишмайди.
Қулупнайни меъёридан ортиқ ейиш инсон организми учун хавфлидир. Бир кунда кўпи билан ярим килоча қулупнайни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Организм айнан шунча миқдордаги қулупнайни ҳазм қила олади. Ушбу мевани бошқа таомлар билан аралаштирмай, биринчи ёки иккинчи овқатдан сўнгина истеъмол қилинг, чунки у ошқозон ичида бижғиш хусусиятига эга. Ўзи умуман олганда, барча меваларда ана шундай хусусият мавжуд. Шунинг учун уларни ҳеч қайси таом билан аралаштириб емаслик тавсия этилади. 7 ёшдан кичик болаларга жуда оз миқдорда бериш тавсия этилади. Асосан кечпишар қулупнайни берса бўлади, фақат кунига бериладиган миқдори 100 граммдан ошмаслиги керак.
Қулупнайнинг косметика соҳасида фойдалилиги анча олдин айтиб ўтилган. Қулупнайда алмашинув жараёнини фаоллаштирадиган углеводлар устунлик қилади, бу эса ўз навбатида организмдаги ҳужайраларнинг тезроқ янгиланишига шароит яратади. Шунингдек, қулупнай қон айланишини яхшилайди. Унинг кислотаси эса, терини оқартирувчи, салқиган юзларни таранглаштирувчи хусусиятга эга. Янги қулупнай ёки унинг шарбати айрим косметик воситалардан кўра яхшироқ таъсир этади: теридаги ажинларни йўқотишда ва терининг озуқа олишида юқори самара беради. Шу билан бирга юздаги доғлар ва сепкилларга қарши кураша олади. Ундан юз учун ишлатиладиган ниқобни оддий уй шароитида ҳам тайёрлаб олса бўлади. Косметологлар таъкидлашмоқдаки, қулупнай юзларни тозалаш, ажинларни йўқотишга ҳам катта фойда бераркан. Қулупнай пишиғи мавсумида табиий шароитда пишган ушбу шифобахш резавор мевадан еб қолинг!Унинг хушбўй ифори иштаҳангизни очиб, кайфиятингизни кўтаради.