Соғлом турмуш тарзида яшаш масаласига ёндашар эканмиз, уйқунинг аҳамиятига эътибор қаратиш ўринли. Тана дам олишининг бир кўриниши бу – меъёрий уйқудир.
Кун давомида йўқотилган энергия заҳиралари айнан уйқу ёрдамида қайта тикланади. У организмни тетиклаштиради, тинчлантиради ва фикрларни тиниқлаштиради. Шунингдек, соғ-саломат бардам-бақувват бўлишни таъминловчи омилларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Замонавий тасаввурларга кўра, уйқу нафақат дам олиш балки, кун бўйи олинган турли ахборотларни қайта ишлаш ва эртасига яна янги ахборот қабул қилиш қобилияти яхшиланишига қаратилган жараён ҳамдир.
Меъёрий уйқу бу – киши уйғонганида тана ором олган ва бутун баданда уйғоқлик, осойишталик ва хотиржамлик холати юзага келган бўлиши керак. Уйқу тинч ва оромли бўлса, шунчалик даражада саломатликка ижобий таъсир этади.
Умуман, уйқу жараёнига қанча вақт талаб этилади? Инсон ҳаётининг учдан бир қисмини уйқу ташкил этади.

Уйқу соатлари катталар ва турли ёшдаги болаларда бир хил эмас, албатта. Кичик ёшдаги болачаларда аксинча уйқу соатлари кўпроқ вақтни ташкил этади. Чақалоқлар сутканинг учдан икки қисмини уйқуда ўтказишлари керак бўлса, кексалар учун эса, 7 соат етарли ҳисобланади.
Инсон ёши улғайиб борган сари уйқу соатлари камайиб боради.
Ёш бўйича | Уйқу соатлари |
Чақалоқлар (0-3 ой) | 14-17 |
Гўдаклар (4-11 ой) | 12-15 |
Кичик ёшдагилар (1-2 ёш) | 11-14 |
Мактабгача бўлган ёшдаги болалар (3-5 ёш) | 10-13 |
Мактаб ёшидаги (6-13 ёш) | 9-11 |
Ўсмирлар (14-17 ёш) | 8-10 |
Катталар (18-64 ёш) | 7-9 |
Кексалар (65 ёшдан ошганлар) | 7-8 |
Уйқу ҳар бир инсон учун зарур ҳаётий эхтиёждир. Ҳаётий фаолиятлар (ўқиш, ишлаш ва ҳ.к.)нинг тўлиқ бажарилиши учун дам олиш, тиниқиб ухлаш зарур.