You are currently viewing Олма истеъмол қилишни канда қилманг!
Олма истеъмол қилишни канда қилманг!

Манбаларда келтирилишича, дунёда олманинг етти мингга яқин нави мавжуд экан. Бизнинг юртимизда эса, мингдан зиёд олма навлари ўстирилади.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан тавсия  этилган соғлом овқатланиш тамойилларида  кунига 5  порция – 400 граммдан кам бўлмаган миқдорда, янги узилган мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Уларни ҳар овқатланишлар оралиғида, овқатланишдан кейин истеъмол қилиш мумкин. (1 порция 80 гр.ни ташкил этади, масалан бу битта ўртача олма, нок, иккита ўрик, бир ҳовуч узум, 1 та сабзи, бодринг, помидор ёки 1 карич қовун-тарвуз бўлиши мумкин)

Олма истеъмол қилишни канда қилманг!
Олма истеъмол қилишни канда қилманг!

Олма – енгил ҳазм бўладиган углеводлар, витаминлар ва каротиноидлар манбаидир.  

Олмада вит С дармондориси ва фойдали пектин ҳам мавжуд бўлиб, модда  алмашинувни  яхшилайди.

Шунингдек:

  • Р  ва  Е  дармондорилари  тери  ва  тўқималар  ҳолатини  тиклайди;
  • зарарсизлантирувчи клетчатка кўп  –  у организмдан  ичакдаги заҳарли моддаларни  ва ортиқча  холестеринни  чиқариб  юборишга  кўмаклашади;
  • меъда шираси ҳосил бўлишига таъсир қиладиган кислота мавжудлиги сабаб,  одатда тушликдан аввал истеъмол қилинса, иштаҳани очади;
  • қизил олмага қараганда кўм-кўк олманинг калорияси бироз кам, шу  сабаб вазнни камайтирмоқчи  бўлганлар  кўк олма, яъни ­нордон-ширин олмаларни истеъмол қилгани маъқул;
  • мева шарбатлари ичида олма шарбати –  ароматик хусусияти, таркибидаги витамин, минерал ва бошқа моддалар бўлганлиги билан ажралиб туради.  Янги  тайёрланган  олма   шарбатининг   организмда  тўлиқ  сўрилиши   юракка  қувват  беради;
  • олма  қоқилари кони фойда. Агар қишга ғамлаш учун олмалар қуритиб олинса 100 г. олмадан  20 г. олма қоқи чиқади. Олманинг ҳар қандай нави таркибида 80 фоизга қадар сув мавжуд. Бироқ куз ва қишга бориб пишадиган кўк олмаларда сув бироз кам бўлади. Шунинг учун айнан мана шундай навларни  олма қоқи  тайёрлаш учун танлаган маъқул;
  • олма қоқидан дамлама –  Олма қоқини чойнакка қайноқ сув солиб дамласангиз, яхши олмали чой бўлади.  Бундай дамлама тинчлантирувчи хусусиятга ҳам эга.

Ёзда пишадиган қизил олмалар ширин ва ширалилиги боис уларни янгилигида истеъмол қилган афзалдир. Кўк олмалар қишга ғамлаб қўйилса, микроэлементлари яхши сақланади.

Унутманг! Ошқозон яраси, ич қотиш, эрозия, жароҳат каби таом ҳазми билан боғлиқ хасталиклар хуруж қилган пайтларда олма кўп истеъмол этилса, оғриқ пайдо қилиши, хасталикни ривожлантириб юбориши мумкин. Чунки олмада, айниқса, унинг пўстлоғида ­дағал клетчатка кўп.  Қанд хасталигидан ҳимояланмоқчи бўлганлар, нордон-ширин олмаларни истеъмол қилганлари  маъқул.

Олма –  ҳазм бўлиши юқори даражада  бўлганлиги сабабли  парҳезпоб, шифобахш  восита сифатида фойдаланилади.

Олимларнинг фикрига кўра, мунтазам мевалар истеъмол қилиб туриш организм учун фойдали бўлиши билан бирга, кайфиятни кўтаришга ҳам ёрдам берар экан.