Бу ёшларда кишилар организм имкониятлари, саломатлик ҳолати даражаси ва касалликлар бор-йўқлигини билиш жуда муҳим.
Айниқса, овқатланишни ташкил этишда уларни инобатга олиш керак. Бу саломатликни асраш билан бирга ёш билан боғлиқ келиб чиқиши мумкин бўлган касалликлар хавф омилларини олдини олишга имкон беради.
Жаҳондаги етакчи олимларнинг фикрига кўра, охирги йилларда 30 -40 ёшдан ошган кишилар орасида бир қанча касалликлар аниқланмоқда.
Уларнинг фикрича, бунинг асосий сабаби, соғлом турмуш тарзига амал қилинмаслигидир. Кўпчилик 40 ёшдан ошгандан сўнг тана вазни ортишидан шикоят қиладилар. Чунки, бу ёшда моддалар алмашинуви пасайиши кузатилади. Ушбу ҳолатнинг келиб чиқмаслиги учун организмни “уйғотиш”, яъни тўғри овқатланиш ва жисмоний ҳаракатда бўлиш тавсия этилади.
Афсуски, 40 ёшдан ошгандан сўнг қон томир тизимида қатор ўзгаришлар кузатилади. Баъзи сабабларга кўра, хафақон (гипертония) касаллиги, бош мия томирлари атеросклерози, юрак ишемик касалликлари ҳам айнан шу ёшлардан бошланиши мумкин.
Ёш ўтиши билан баъзан яна бир муаммо – суяклардаги ўзгаришлар(остеопороз) қўшилади. Яъни, гормонал ўзгаришлар натижасида организмда 40 ёшдан кейин суякда кальций миқдорининг камайиши кузатилади.
Бу ўзгаришларни олдини олишда овқатланишни тартибга солиш – муҳим омиллардандир.
Яъни:
- Ош тузини меъёрдан оширмаслик;
- Осон ҳазм бўлувчи углеводларни (шакар, шоколад, муроббо) камайтириш, қандолат маҳсулотлари, шакар қўшилган ичимликлар ва конфетлар истеъмолини чеклаш;
- Ёғлар истеъмолини камайтириш;
- Сабзавот ва меваларни ҳар куни 5 порция(400 грамм) истеъмол қилиш;
- Кунда 1,5-2л қайнатиб совутилган сув ёки қадоқланган сув ичиш. Овқат олдидан ярим стакан сув ичиш;
- Овқатни шошмасдан яхшилаб чайнаб истеъмол қилиш, бу овқатни яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради;
- Кечқурун уйқуга кетишдан 3 соат олдин овқатланиш зарур.
Қандай озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишга ҳаракат қилиш керак?
Масалан, кунлик таомномани қуйидагича ташкил қилиш мумкин.
Нонуштада: оқсил ва витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш – сут маҳсулотлари, тухум, бўтқалар ва бундан ташқари қуруқ мевалар (ёнғок, майиз, туршак) истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида организмни етарли даражада қувват билан таъминланишига имконият яратади ва узоқ муддат тўқлик ҳиссини беради.
Тушликда: Қайнатма шўрва, мастава ва иккинчи овқат.
Кечки овқат: Енгил ҳазм бўладиган овқатлар, витаминларга бой бўлган ҳар хил салатлар, сабзавот ва мевалардан ташкил топиши керак.
Кўп миқдорда кўкатлардан тайёрланган салатлар, помидор, бодринг, булғор қалампири истеъмол қилиш тавсия этилади.
Спиртли ичимликлар истеъмолини чеклаш ва чекишдан воз кечиш зарур.
Бундан ташқари, таркибида туз, ёғ миқдори юқори ва кимёвий қўшимчалари бўлган тайёр егуликларни чеклаш.
Кечки овқатдан сўнг ширинликлар ўрнига сут, қатиқ тановул қилиш керак. Бу очлик ҳиссини камайтириш билан бирга, чарчоқни енгади.
Овқатланиш қоидаларига амал қилиш орқали ўз саломатлигимизни мустаҳкамлаймиз!