You are currently viewing Соғлом овқатланишга одатланинг, саломатлигингизни асранг

 Овқатланиш тиббий нуқтаи назардан ёш, тана тузилиши,жинси, касби, иқлим, мабодо касаллик бўлса унинг тури ва давридан келиб чиқиб хасталикнинг олдини олиш учун турли хил таркибда тавсия этилади.

 Овқатни ҳар куни маълум вақтда ейиш керак. Шундай қилинганда овқат ейиш олдидан меъда-ичак шираси кўп ажралади. Овқатни вақтида еганда яхши ҳазм бўлади ва унинг кимёвий компонентлари тўла ўзлаштирилади. Овқатланиш тартибининг бузилиши бу жараёнларни бузибгина қолмай, балки гастрит, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси каби турли касалликларнинг пайдо бўлишига ҳам олиб келади.

 Пала — партиш овқатланиш моддалар алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади. Углеводлар алмашинувининг бузилиши ва у туфайли тана вазнининг ошиб кетиши ёки қонда холестерин миқдорининг кўпайиши бунга яққол мисол бўла олади.

 Соғлом ва тўғри овқатланиш аввало тартибли олиб борилгандагина фойдаберади. Халқимизда “Эрталабки нонуштани ўзинг е, тушликни дўстинг билан баҳам кўр, кечки овқатни душманингга бер, деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган”. Агарда овқатланиш тартибига риоя қилинмаса, ҳазм қилиш фаолияти қийинлашади, тартибсиз, нотўғри овқатланиш эса, касалликларга олиб келади.

Умуман олиб қараганда,овқатланишда нималарга эътибор бериш керак?

  • овқатланиш тартибига қатъий риоя қилиш;
  • овқатнинг миқдори меъёрда бўлиши;
  • истеъмол қилинаётган овқат қуввати сарфланган қувватни қоплаши;
  • овқатнинг сифатий мукаммаллигини таъминлаш;
  • озиқ-овқатларнинг хилма-хиллигига эътибор бериш.

Қуйида соғлом овқатланишнингтамойиллари тавсия этилади:

1. Турли хил озиқ-овқат маҳсулотларни истеъмол қилиш.

2. Кун давомида бир неча марта, турли хил мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг. Яхшиси янги ва маҳаллий шароитларда етиштирилган маҳсулотларни 400 гр.дан кам бўлмаган миқдорда истеъмол қилиш.

3. Нон, йирик тортилган ун маҳсулотлари, ёрмалар, картошкани ҳар куни истеъмол қилиш.

4. Овқат билан бирга ёғларни организмга тушишини назорат қилиш, иложи борича ҳайвон ёғларини ўсимлик ёғларига алмаштириш.

5. Ёғли гўшт маҳсулотлар ўрнига дуккаклиларни, балиқ, товуқ гўшти ёки ёғсиз гўшт истеъмол қилиш.

6. Ёғлилиги паст бўлган сут ва сут маҳсулотларини-кефир, творог, йогурт, ёғлилиги ва тузи паст бўлган пишлоқларни истеъмол қилиш.

7. Таркибида кам миқдорда қанд бўлган маҳсулотларини танланг, шакар ва қандни кам истеъмол қилинг. Ширинликлар ва ширин ичимликларни чегаралаш.

8. Тузни кам миқдорда истеъмол қилинг. Тузнинг бир кунлик умумий миқдори 1 чой қошиқ – 5 гр.дан ошмаслиги керак.

9. Чойни табиий шарбатлар ва ичимлик суви билан алмаштиринг ёки асосий овқатлар истеъмол қилиш оралиғида ичиш.

10. Таом тайёрлашда хавфсизликни таъминлаш жудамуҳим. Таомни буғда пиширилганда, қайнатилганда ва димланганда ёғ, туз ва қанд миқдорини кам ишлатиш

11. Чақалоқларни 1-чи 6 ой давомида кўкрак сути билан боқиш. Қўшимча овқатларни аста секинлик билан,яъни кўкрак сути билан боқишни давом эттирган ҳолда бериб бориш.

12. Тана вазнини белгиланган меъёрда ушлаб туриш учун ҳар куни организмга маълум миқдорда жисмоний юклама бериш.

 Дунёдаги етакчи илмий марказларда олиб борилган кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, юқори сифатли ун маҳсулотлари ва ҳайвон ёғидан тайёрланган таомлар ҳамда ширинликларни меъёридан ортиқ тановул қилиш юрак қон – томир ва бошқа қатор аъзоларни касалликлари пайдо бўлишига олиб келади.

 Чунки мазкур таомлар тана вазни ортиши – семизлик, қонда холестерин миқдорини ошиши, қон босимини кўтарилиши, миокард инфаркти, қандли диабетга мойиллик туғилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

 Ушбу касалликлар эса меҳнат фаолияти сусайишига, ҳаёт сифатини ёмонлашишига ва бевақт ҳаётдан кўз юмиш ҳолатлари юз беришига сабаб бўлади. Ёғли ва углеводга бой таомларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш оқсиллар, углеводлар, ёғлар ўртасидаги мувозанатни бузилишига замин яратади. Аксинча, сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотларидан етарлича фойдаланилмаслик натижасида витаминлар, макро ва микроэлементлар етишмаслиги юзага келади.Шунинг учун ҳар бир киши имкон қадар соғлом ва тўғри овқатланишга интилиши лозим.