Ҳозирги замонавий ҳаёт тарзида қўпчилик ўтириб ишлашда тана кучини ва соғлигини “тежаш” мумкин деб ҳисоблайдилар, лекин аслида ундай эмас, албатта. Чунки узоқ вақт ўтириб ишлаш оқибатида:
- ҳаддан зиёд чарчаш, бўйин ва умуртка соҳаларида зўриқиш кузатилади. (Нотўғри ўтириш натижасида умуртқа поғонасининг қийшайиши юзага келиши мумкин);
- асабийлишиш ва стресслар бўлиши табиий. (Стресслар асаб тизимига салбий таъсир этиб, инсонларни беқарор ва жиззаки бўлиб қолишларига, натижада турли хил касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади);
- камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш натижасида танадаги ортиқча калория ҳисобига ёғ қатлами кўпаяди. Натижада тана вазнининг ошиб кетиши, яъни семизлик келиб чиқади. (Семизлик эса, бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради: қандли диабет, қон босимининг ошиши, юрак қон – томир касалликлари ва хоказо);
- кун давомида ўриндан турмасдан ўтириш, ишлаш қон айланишининг бузилиши ва томирларда қон оқимининг пасайишига олиб келади;
- бундан ташқари мушак тонусларининг пасайишига, уларнинг кучсиз ва бўшанг бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Шу сабабли, уйда ҳам, ишхонада ҳам қуйидагиларга эътибор бериш лозим:
- ўтирган пайтда гавдани тўғри ушлаш;
- бир жойда узоқ ўтириб қолмасдан, машғулотни ўзгартириш ёки танаффус қилиш;
- шахсий автомобили бор инсонлар, жамоат транспортларидан фойдалансалар, ўз соғлиқларини қадрлаган ва бир қатор касалликларнинг олдини олган бўладилар;
- тўғри овқатланиш билан бирга, фаол ҳаракатда бўлиш фойда беради;
- кўпроқ ҳаракат қилиш, машқлар бажариш, ишдан бўш вақтларда спорт залларга бориш;
- иложи борича ишхонага боришда ва ишдан қайтишда маълум бир масофани пиёда босиб ўтиш лозим.