Уй бекалари байрам кунлари дастурхон безаш тараддудида бўладилар. Шу куни дастурхонга ўнлаб турдаги егуликлар, тоамлар, пишириқлар ва ширинликлар қўйилади. Бу эса, меъда учун анча оғирлик қилиши турган гап.
Овқат тўла ҳазм бўлмасдан туриб яна таом ейилса, ҳазм жараёни оғирлашади. Чунки овқат устига овқат тушиши шира аралашиш меъёрини бузади. Бу ўз ўрнида кишида қорин ғулдираши, дам бўлиши ва лоҳасликнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Баъзида байрам арафасида жигар, буйрак ва ошқозон ости бези касалликларига чалинганларда ушбу хасталикларнинг зўрайиши кузатилади. Маълумки, меъда овқатга тўлиб кетса, унинг ҳаракат фаолияти ёмонлашади, натижада ошқозондаги озиқ моддаларнинг шира билан аралашиши қийинлашиб, ҳазм жараёни издан чиқади. Агар қорин тўйишига оз қолганда овқатдан қўл тортилса, кишининг ҳазм аъзолари иши енгиллашади, одам ўзини яхши ҳис қилади ва кейинги овқатланишга иштаҳа сақлайди.
Демак, байрам кунларида нохуш ҳолатларга барҳам бериш учун, аввало, овқат истеъмол қилиш тартибига риоя этиш лозим. Кун давомида сабзавотли салатлар, ошкўклар, ҳўл мевалардан оз-оздан истеъмол қилингани маъқул. Тажрибада аниқланишича, табиий маҳсулотлар кўпроқ ейилганда 50 фоиз ҳолларда ҳазм қилиш аъзолари яхши ишлайди. Натижада меъда –ичаклар иши осонлашиб, организмнинг овқат ҳазмига сарфланадиган энергияси бирмунча тежалади.
Кексалар байрам дастурхони атрофида ўтирганда ҳазмни яхшилаш учун олдин суюқ овқат ичганлари маъқул. Шундан сўнг, бошқа таомлардан оз-оздан ейишлари мумкин. Ошқозонда бироз оғирлик сезилса, дори ичишга шошилмасликлари, балки анор шарбати ёки анорни ўзини истеъмол қилганлари яхши. Янги ивитилган қатиқ, қирғичдан ўтказилган турп ҳазмга ёрдам беради. Бундан ташқари, худди шундай хусусиятга эга бўлган шифобахш ўтлардан дамламалар ичиш мумкин. Масалан, лимонўт(мелисса), маврка (шалфей), мойчечак(ромашка), далачой (зверобой). Борди –ю кексаларда ва болаларда байрам таомлари истеъмолидан кейин оғриқ пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Болаларга газланган ичимликларни имкон қадар бермаслик керак. Айниқса, аллергияга мойил бўлган кичкинтойларга фақат табиий шарбатларни ичирган маъқул.
Шунингдек, ҳомиладор аёлларда кўпинча ёғли ёки қаттиқ қовурилган кучли овқатликлардан сўнг, жиғилдон қайнаши кузатилади. Уларга маслаҳат шуки, термосга дамланган маккажўхори попуги ёки мойчечак дамламаси овқат ҳазмида кўмакчи бўлади. Ҳазмни яхшилаш учун овқатдан кейин бир чой қошиқ олма сиркаси аралаштирилган ярим стакан илиқ сув (агар суюқлик нордон бўлса, озгина асал қўшиб) ёки чой ўрнига ялпизнинг қуритилганини дамлаб ичиш яхши натижа беради. Тавсияларни бажаришда индивидуалликни ҳисобга олган ҳолда, албатта шифокор маслаҳатини олиш лозим.
Зиёфатдан сўнг, кўпчиликда меъда – ичак муамммолари бўлади. Яъни ошқозон кислотаси ортиши ёки камайиши ҳолати кузатилади.
Таъкидлаш жоизки, ўсимлик маҳсулотларининг аксарият қисми ишқорий хусусиятга эга.
Ҳайвон маҳсулотлари эса, кислотали муҳит ҳосил қилади.
Резавор мевалар, бодринг, помидор, лавлаги кучли ишқорий реакцияга эга.
Тухум оқи, балиқ, ўрдак, ғоз гўштларида кислоталилик муҳити юқори.
Бузоқ гўшти, товуқ гўшти, мол жигарида ўртача кислоталилик сақланади.
Пишлоқ, қора нон, мол гўшти ва қўй гўштларига кучсиз кислоталилик муҳити хос.
Агар кучли кислотали хусусиятга эга маҳсулотлар кўпроқ истеъмол қилинса, ошқозон-ичак тизими фаолияти ёмонлашади ва қон реакцияси кислотали томонга оғиб, юрак уриши тезлашади, ҳарорат кўтарилади, буйраклар иши меъёридан жадаллашади, одам безовта бўлади. (Меъёрда қон реакцияси кучсиз ишқорий бўлади).
Ишқорий усусиятга эга маҳсулотлар ейилганда ҳазм аъзолари иши енгиллашади, қон реакцияси меъёрга тушиб, киши ўзини яхши сезади. Демак, танадаги кислотали-ишқорли муҳитнинг меъёрий бўлиб туриши учун кўпроқ табиий маҳсулотлар(сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, мевалар ва кўкатлар ) дан еб туриши керак.
Байрам кунлари ўзингизни соғлом ва енгил ҳис этиб, тетик ва бардам юришни истасангиз, албатта овқатланиш тартибига, сифатига ва меъёрига қатъий риоя қилинг!