Хурмо – ёқимли ва ширин таъм берадиган углеводларга бой. Тетиклик ва тезда тўйиш учун аъло даражадаги маҳсулот. У тезда тўйинтиради ва куч беради. Хурмо толалари овқат ҳазм қилиш тизимининг вазифаларини ўз назоратига олади.
Рўзадор кишининг ифторлик ва саҳарликда хурмо тановул қилиши кун бўйи толиқмаслигига кўмак беради.
Қуритилган хурмо меваларини бутун дунёда севиб истеъмол қилишади. У ўзининг ширин ва ёқимли таъми билан ажралиб туради. (Қуръони каримда хурмо меваси жаннат неъматлари қаторида зикр этилган. Муборак ҳадисларда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурмони бошқа меваларга қараганда кўпроқ яхши кўриб истеъмол қилганликлари баён қилинган.).
Хурмо – оқсилларнинг манбаси бўлиб, бошқа ширинликлар(конфет, пироженое)га нисбатан анча фойдали ва фақат бир кунга етувчи қувват берувчи табиий таомдир. Уни бошқа маҳсулотлар билан таққосласак: 1 кг хурмо 1 кг гўштнинг калориясига тенг, балиқ гўштидан уч баробар кўп қувватга эга ҳисобланади.
1дона хурмонинг қувватлилик даражаси – 66 ккал ҳисобланади.
100грамм хурмо таркибида:
- 2,5 г, оқсил
- 0,5 г ёғ
- 69,2 г углеводлар
- 6,7 г клетчатка (озиқ тола)
- 696 мг калий
- 54 мг магний
- витамина В6 0,25 мг.
- Шунингдек хурмода 23 та аминокислота бўлиб, магний ва калий моддаларига бойдир. Витаминлардан А, К, В1, В2 ва фолатлар бор. Нисбатан кам миқдорда микроэлементлар кальций, темир, цинк мавжуд.
Хурмонинг фойдалилик хусусияти:
- пектин ва озиқ толалар ёрдамида ичаклар фаолиятини яхшилайди ва қабзиятни олдини олади;
- калий ва магний ҳисобига юракка қувват бўлиб, юрак уриши ва қон босимини меъёрда ушлайди;
- шакарни ўрнини босувчи табиий маҳсулот бўлиб, хурмо таркибидаги шакар антиоксидантлар, клетчатка, витамин ва минераллар билан тўйинган “фойдали шакар” га айланган (100 грамм мевада 50 грамм фруктоза );
- мия фаолиятига ижобий таъсир этиб, хотирани яхшилайди;
- организмада холестерин ва триглицеридлар миқдорини пасайтиради, атеросклерозни олдини олади;
- қондаги липидларни яхшилайди;
- хурмодаги фтор элементи тишларга фойдали.
Бундан ташқари, унинг таркибида саломатлик учун фойдали саналган фолий кислотаси кўп бўлгани учун айниқса қадрланади.
Меъёрда истеъмол қилинг!
Рўзадор учун бир кунда 3 -4 дона етарли.
- Хурмодаги енгил ҳазм бўладиган углеводлардан -бу сахароза бўлиб, у фруктоза ва глюкозадан иборат. Меъёрда истеъмол қилинмаганида қонда глюкоза миқдори ошишига сабаб бўлиши мумкин.
- Фруктоза ҳазм бўлишида жигар иштирок этади. Агар меъёр оширилса, жигарда у ёғга айланади, демак танада ортиқча ёғ тўпланади.
Эсда тутинг
- Хурмони қуруқ ва қоронғи жойда сақлаш керак(шиша банкада). Чунки унинг ташақари постлоғи ўзига хос ёпишқоқ бўлиб, унга чанг ўтириши осон.
- Очиқ ҳолатда узоқ сақламаслик лозим, акс ҳолда қуриб қолади.
- Ейишдан олдин ювиб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Рамазон ойида ифторлик дастурхонининг кўрки, албатта, қуритилган хурмо ҳисобланади. Рўза тутганда, айниқса ифторлик маҳали хурмо истеъмол қилиш аънанага айлангани бежиз эмас, чунки у инсон танасидаги қувват – энергияни тиклаб беради. Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 миллилитргача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз, сўнгра 10–15 дақиқадан сўнг овқатланишимиз мумкин. Сув ва хурмо билан оғиз очгандан сўнг, овқатлардан олдин турли хил салатлардан истеъмол қилинса, айни муддао бўлади.
Рамазонда тетик юришни истасангиз, таомномангизда албатта, хурмо ва мевалар, табиий егуликлар ҳамда ичимликлар бўлишига эътибор беринг!