You are currently viewing Энергетик ичимликларнинг зарари

Ҳозирги пайтда ёшлар ўртасида энергетик ичимликлар истеъмолига ўрганиб қолаётганларни кўришимиз мумкин. Унинг алкоголли ва алкоголсиз хили мавжуд. Алкоголсиз энергетик ичимлик балоғатга етмаган ёшлар ўртасида жуда оммалашди. Ўйин-кулгуга ружу қўйган ёшлар унинг худди “тетиклаштиргандай” хусусиятига алданиб, бемалол истеъмол қилишда давом этишяпти. Ўз ихтиёрлари билан улардан воз кеча олмайдиган даражага келганларида эса кеч бўлишини, унинг вақтинчалик “сеҳрли” таъсирининг салбий оқибатини хаёлларига ҳам келтиришмаяпти.

 Бу ичимлик таркибида нималар бор?:

  • ароматизаторлар – ширин ва нордон таъм беради;
  • кимёвий компонентлар – таъмни кучайтиради;
  • кўпчилик ҳолда кофеин мавжуд бўлиб, унинг миқдори назорат ва талаб даражасидан юқори.
  • алкоголли турида алкоголь.

Қандай таъсир этади:

  •  Энергетик ичимлик таркибидаги ароматизаторлар, шакар ўрнига -шакарли колер ва синтетик(сунъий) ширин таъм берувчи, яъни шакарни ўрнини босувчи (Е 951 аспартам) – асаб тизимига қўзғатувчи таъсир ўтказади, ёғ тўқимасини кўпайишига олиб келади, тиш эмалини емиради, оғиз бўшлиғидаги кислота-ишқор балансини бузилишига сабаб бўлади.
  • Ранг берувчи моддалар, консервантлар (Е 211 бензат натрий) ошқозон ичак касалликларини келтириб чиқаради.
  • Таурин деб аталадиган модда борлиги – энергетик ичимликни худди тенги йўқ куч-қувват берувчидек кўрсатади, чунки у мушак тўқимасига таъсир этади, бундан ташқари, ошқозонда кислотали муҳитни кучайтиради.
  • Кофеин миқдори кўплиги сабаб, танага кучли қувват бериб, юракни юқори ритмда ишлашига, қон босмининг кўтарилишига, натижада юрак чарчаб, юрак қон-томир касалликлари ривожланишиги мойиллик туғдиради.
  • Алкоголли турида кофеин ҳам аралаштирилиши унинг салбий таъсирини кучайтиради, яъни бу иккита бир-бирига қарма-қарши таъсир этувчилар натижасида алкоголь мия фаолиятини пасайтирса, кофеин қўзғатувчи таъсир этади. Шу туфайли организм “тинчланиш” ёки “ҳаракат қилиш” каби қарама-қарши “буйруқлар” орасида қолади. Бу эса, кейинчалик кучли стресс ва руҳий бузилишларга олиб келади.

Энергетик ичимликлар ўрнига:

  • табиий шарбатлар; мевалардан компотлар;
  • мева қоқилардан тайёрланган дамламалар;
  • хушбўй чойлар, лимонли кўк чой

кабилар ичилса, улардаги биологик фаол моддалар саломатлик учун кони фойда. Айниқса, ўсиб келаётган ёшлар организмини энергетик ичимлик билан зарарлагандан кўра, фойдали ичимликлар истеъмол қилишса, жисмонан соғлом ва руҳан тетик бўлишлари шубҳасиз.

Соғлом ва узоқ умр кўришни ҳоҳлайсангиз, унда табиий маҳсулотларни танланг! Энергетик ичимликларга муте бўлиб қолманг!

“Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази” Соғлом турмуш тарзи бўлими бошлиғи Сайёра Муллаева