You are currently viewing Тамaки ва никотин маҳсулотларининг хавфсиз турлари бўлмайди

Тамaки ва никотин маҳсулотларининг хавфсиз турлари бўлмайди

РАДДИЯ

Тамаки саноати томонидан илгари сурилаётган «зарарни камайтириш» стратегиясига қарши далиллар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси (кейинги ўринларда матнда – ЖССТ ТҚКХК) принциплари ва тавсияларига мос келадиган самарали қонунчилик чоралари қабул қилинди. Хусусан:

2023 йилнинг май ойида чекилмайдиган (тутунсиз) тамаки маҳсулотларининг, шу жумладан таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган (тутунсиз) маҳсулотларнинг (носвойдан ташқари);[1]

2025 йилнинг ноябрь ойида никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан электрон сигареталар, улар учун никотинли ва никотинсиз суюқликларнинг муомаласи тақиқланди.[2]

ЖССТ ТҚКХК Тарафлар Конференцияси котибиятининг маърузасида 2023 йилда қатор аъзо давлатларда, шу жумладан Ўзбекистонда тамакига қарши қонунчилигида эришилган ютуқлар алоҳида таъкидлади.[3] 2025 йилда ЖССТ томонидан дунёнинг бешта мамлакати, жумладан Ўзбекистонда ҳам тамакига қарши қонунчилик соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли дея эътироф этилди.[4]

Қабул қилинган ислоҳотлар кўп ўтмасдан дастлабки яхши натижаларни берди: тутунсиз тамаки ва никотин маҳсулотларнинг муомаласи тақиқлангандан сўнг (анъанавий носвой бундан мустасно) айниқса болалар ва ўсмирларнинг бу маҳсулотларни эркин харид қилиш имконияти анча камайди.

Тамакига қарши сиёсатнинг мустаҳкамланишига жавобан тамаки чекувчиларнинг сонини сақлаб қолиш ва кўпайтириш мақсадида тамаки саноати Ўзбекистон қонунчилигини заифлаштириш учун уринишларни фаоллаштирди.

Шундай уринишлардан бири – Интернет ва ижтимоий тармоқларда «Smoke Free Sweden. Икки мамлакат ҳикояси. 7-сон: Ўзбекистон ва Швециянинг чекишга қарши курашдаги ютуқлари ҳақида қиёсий тадқиқот ҳисоботи»нинг (кейинги ўринларда – Ҳисобот) нашр этилишидир. Унинг мақсади жамоатчилик фикрини ҳийла-найранг орқали ўз корпоратив манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ҳисоботда «зарарни камайтириш» стратегиясини қўллаган мамлакатлар тамаки чекиш билан боғлиқ ўлимни камайиштириш борасида энг катта муваффақиятларга эришишлари мумкинлиги таъкидланади. Тақиқлар ёки кескин чеклов чораларнинг ўрнига снюслар, электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимлари каби “камроқ зарарли” тамаки ва никотин маҳсулотларини чекишни тарғиб қилишга ўтиш таклиф этилади.

Тамаки саноатининг ёлғон сиёсатини инкор этиш мақсадида қуйида Ҳисоботга қарши далиллар келтирилмоқда:

  1. Швецияда чекиш даражасининг камайиши – давлатнинг тамакига қарши изчил сиёсатининг натижаси, “зарарни камайтириш” стратегиясини қўллаш натижаси эмас.

Ҳисоботда Швециянинг «зарарни камайтириш» стратегиясини қўллаш билан боғлиқ муваффақиятлари таъкидланиб, эркаклар орасида ҳар куни чекиш даражаси Швецияда 4,9 фоизни, Ўзбекистонда эса 20,4 фоизни ташкил этиши кўрсатилган.

ЖССТнинг глобал ҳисоботига кўра, 2024 йилда Швецияда 15 ёш ва ундан катта эркаклар орасида ҳозирги вақтда (ҳар куни ва/ёки охирги 30 кун ичида онда-сонда) тутунли тамаки чекишнинг тарқалганлик даражаси 12,0 фоизни, Ўзбекистонда эса – 19,3 фоизни ташкил этган. Умуман олганда эса, 15 ёш ва ундан катта аҳоли орасида тутунли тамаки чекишнинг тарқалганлик даражаси Швецияда 10,2 фоизни, Ўзбекистонда эса 10,1 фоизни, барча турдаги тамаки чекиш даражаси эса Швецияда 20,3 фоизни, Ўзбекистонда эса 16,3 фоизни ташкил этган.[5]

Швеция Жамоат соғлиғини сақлаш агентлиги маълумотларига кўра, Швецияда тамакига қарши курашиш бўйича давлат сиёсати 1960 йиллардан бошланган ва биринчи миллий чора-тадбирлар қуйидагиларга йўналтирилган:

  • тамаки маҳсулотлари эркин харид қилинишини қисқартириш;
  • сигареталарга бўлган талаб ва уларни чекишнинг жамоатчилик томонидан эътироф этилишини ўзгартириш;
  • тамаки чекишни ташлаш бўйича дастурларидан фойдаланишни кенгайтириш.[6]

Швецияда 1980-йиллардан бошлаб ҳар куни сигарета чекиш даражаси барқарор равишда қисқариши кузатилди. Бундай қисқариш шу даврда амалга оширилган кенг кўламли профилактик чора-тадбирларга мос равишда содир бўлди. Кейинги комплекс чоралар – тамаки рекламаcини тақиқлаш, солиқ орқали тартибга солиш, ёшга оид чекловларни белгилаш ва тамаки тутунидан холи муҳитни яратиш – ҳар куни сигарета чекиш даражасининг сезиларли камайишига олиб келди. Бунда 16–84 ёшли аҳоли орасида бу кўрсаткич 2004 йилда 16,4 фоиздан 2024 йилда 5,4 фоизга камайди (камайиш 11 фоиз бандга ёки дастлабки даражадан 67 фоизга).[7]

Шундай қилиб, Ҳисоботдаги Швецияда снюс чекиш билан алмаштиришнинг самарадорлиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланмайди: мамлакатда эришилган муваффақиятлар давлатнинг тамакига қарши тизимли сиёсати билан тўғридан-тўғри боғлиқ, “зарари камроқ” тамаки ва никотин маҳсулотларини рағбатлантирилиши билан эмас.

  1. “Зарарни камайтириш” деб аталувчи стратегия амалиётда “зарари камроқ” тамаки ва никотин маҳсулотлари чекишнинг кўпайишига олиб келади. Швецияда снюс ва электрон сигареталарнинг чекиш даражасининг ошиши Ҳисоботда атайин кўрсатилмаган, бу маълумотларни алдов билан жамоатчиликни чалғитишга қаратилган уринишдир.

Биринчидан, Швеция Жамият соғлиғини сақлаш агентлиги маълумотларига кўра, Швецияда 2018-2024 йилларда тамакили ва никотинли снюсни ҳар куни чекиш сезиларли даражада ўсган: 11,2 фоиздан 15,7 фоизгача (дастлабки даражадан 40 фоизга ўсган), айниқса 16–29 ёшли аёллар орасида 3 фоиздан 18 фоизга кескин ўсган (ўсиш 500 фоизга).[7]

Аҳолининг ёш қатлами орасида никотинли снюс чекишнинг ўсиши қаттиқ ташвишга солади: 16–29 ёшдаги аёллар орасида ҳар куни никотинли снюс чекувчиларнинг улуши 2022 йилда 10 фоиздан 2024 йилда 15 фоизга ошган, шу ёш гуруҳидаги эркаклар орасида 5 фоиздан 11 фоизга ўсган. Ўсиш, гарчи пастроқ даражада бўлса-да, 33–44 ва 45–64 ёшдаги гуруҳлар орасида ҳам кузатилган.[7]

Иккинчидан, Швецияда электрон сигареталарни чекиш ортиб бормоқда. 2024 йилда 16-100 ёшдаги аҳолининг 4 фоизи электрон сигареталар чекишини айтган, уларнинг тахминан чорак қисми уни ҳар куни чеккан.[7] 2021-2022 йилларда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 13 ёшдаги қизларнинг 18 фоизи ва ўғил болаларнинг 15 фоизи ҳаётларида қачонлардир бўлса ҳам электрон сигареталар чеккан, 15 ёшдагилар орасида эса нисбат мос равишда 34 фоиз ва 29 фоизни ташкил этган.[8]

Бундай манзара Швецияда анъанавий тамаки маҳсулотлари чекиш даражасининг қисқараётганидан, лекин “зарари камроқ” тамаки ва никотин маҳсулотларини чекиш даражасининг ошаётганидан далолат беради. Қайд этиш лозимки, “зарари камроқ” тамаки ва никотин маҳсулотлари бўлмайди. Уларнинг барчаси соғлиққа зарар келтиради, уларнинг кенг тарқалиши эса вазиятни янада чуқурлаштиради, умуман олганда, ҳам соғлиқни сақлаш тизимига, ҳам иқтисодиётга юкни орттиради.

Шундай қилиб, “зарарни камайтириш” стратегияси моҳиятан тамаки компанияларининг янги маҳсулотларни илгари суриш ва сотувини рағбатлантириш воситаси бўлиб ҳисобланади ва аҳолининг соғлиғини сақлаш воситаси бўлиб ҳисобланмайди.

  1. “Зарарни камайтириш” деб аталувчи стратегияни самарали эканлигини асослаш учун тамаки саноати ёлғон ва нотўғри маълумотларни ишлатади.

Биринчидан, Ҳисоботда “Ўзбекистоннинг тамакига қарши курашиш сиёсати ўзининг асосий мақсади – чекишни ташлаш ва одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга эриша олмаяпти. Сўнгги ўн йил ичида мамлакатда чекувчилар улуши бир фоиз бандга камайган”лиги таъкидланган ва бунда “Тамаки тутунидан холи дунё учун жамғармаси, Инк” гранти томонидан молиялаштирилган тадқиқотга ҳавола қилинган.[9]

2017 йилда ЖССТ махсус Мурожаатни чоп этди.[10] Унда “Тамаки тутунидан холи дунё учун жамғармаси”ни Philip Morris International тамаки компанияси ташкил этганлиги ва молиялаштирилиши кўрсатилган. Шундай қилиб, ҳавола этилаётган манба жамият соғлиғини сақлаш манфаатларини эмас, балки тамаки саноатининг тижорий манфаатларини ифода этади.

ЖССТнинг баҳолашларига кўра, Ўзбекистоннинг 15 ва унда катта ёшдаги аҳолиси орасида тамаки чекиш даражаси 2020 йилда 2010 йилга нисбатан 18 фоизга (21,2 фоиздан 17,3 фоизга) камайган.[5] Бу сезиларли ижобий ўзгаришдан далолат беради ва тамаки саноатининг “Ўзбекистонда тамакига қарши курашиш сиёсатининг натижаси йўқлиги” тўғрисидаги таъкидини тўла инкор этади.

Иккинчидан, Ҳисоботда “Республика саломатлик ва тиббий статистика институти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили тахминан 30 000 нафар одам чекиш билан боғлиқ касалликлардан вафот этмоқда”лиги кўрсатилиб, ишламаётган сайтга ҳавола қилинган. Қолаверса, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти кўриб чиқилаётган даврда (2018–2021 йиллар) мавжуд бўлмаган: 2017 йил май ойида бу ташкилот бошқа ташкилотга айлантирилган.[11]

Учинчидан, Ҳисоботда “Агар Ўзбекистон “зарарни камайтириш” стратегиясини амалга оширса, бу ҳолда 2060 йилга бориб 464 000 нафар одамни ўлимдан сақлаб қолиши мумкин”лиги таъкидланади. Бу хулосанинг асоси йўқ ва чалғитишга ҳаракат қилади.

Хорижий мамлакатлар амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар ўртасида янги тамаки ва никотин маҳсулотларини тажовузкорона реклама қилиш ва тарғиб қилиш, бундай маҳсулотларни чекиш даражасининг юқори кўрсаткичларида акс этади.

ЖССТнинг маълумотларига кўра, дунё бўйича 13-15 ёшдаги ўсмирлар орасида катта ёшдаги аҳоли қатламига нисбатан электрон сигареталар чекиш даражаси деярли 3 марта юқори, бунда қатор давлатларда фарқлар нисбати тўққиз баробар ёки ундан юқорига етади,[5] шунингдек, бундай маҳсулотларни қўшма чекиш (икки ёки ундан ортиқ турдаги тамаки маҳсулотларини бир вақтнинг ўзида ёки навбатма-навбат чекиш) кенг тарқалган – масалан, Японияда қиздириладиган тамаки маҳсулотлари чекувчиларининг учдан икки қисмигача[12] ва Корея Республикасида деярли барча чекувчилар (96,2 фоиз)[13] анъанавий сигарета чекишда давом этмоқда.

Шундай қилиб, Ҳисобот хулосалари ишончли бўлмаган, нотўғри ёки мавжуд бўлмаган маълумотларга асосланган ва уларни жамият соғлиғини сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ишончли ахборот манбаи сифатида кўриб чиқиш мумкин эмас.

  1. “Зарарни камайтириш” стратегиясини тарғиб қилиш – ёлғон маълумотлар билан чалғитишга ҳаракат.

Ҳисобот хулосасида шундай дейилади: “Швециянинг муваффақияти шуни кўрсатадики, никотиннинг хавфсизроқ, арзонроқ ва ижтимоий мақбул муқобилларини яратиш чекувчиларнинг ёнувчи маҳсулотлардан воз кечишининг калитидир.”

Тарихда бундай ҳолат илгари ҳам кузатилган: бир неча ўн йиллар аввал тамаки саноати соғлиқ учун зарари ҳеч қандай кам эмаслигини тўлиқ англаган ҳолда “енгил” ва “юмшоқ” сигареталарни зарари камроқ муқобил маҳсулот сифатида кўрсатган ва уларнинг сотувини рағбатлантирган. Вақт ўтиб, олиб борилган тадқиқотлар сигарета чекиш билан боғлиқ касалланиш ва ўлим ҳолатлари камаймаганини кўрсатди. Боз устига, «енгил» сигареталар чекишнинг кенг тарқалиши билан касалланиш ва ўпка аденокарциномаси ҳолатларининг кўпайиши ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлиги аниқланди.[14]

Ҳозирги вақтда тамаки компаниялари жамоатчиликни чалғитувчи шунга ўхшаш амалиётни давом эттирмоқда. Улар болалар учун махсус ишлаб чиқилган, гаджетлар ёки мактаб анжомларига (ручка, фломастер ва ҳ.к.) ўхшаш шаклда янги турдаги тамаки ва никотин маҳсулотларини тарғиб қилмоқда, гўёки “хавфни камайтириш” деган сохта тушунчани шакллантирмоқда.[10]

Бироқ, тамаки маҳсулотларининг янги шаклларини жорий этиш жамият саломатлигига, айниқса болалар ва ўсмирлар учун жиддий хавф туғдиради: бу маҳсулотлар никотинга қарамлик хавфини оширади, мия ривожланишига салбий таъсир кўрсатади ва анъанавий чекишга ўтишга ёрдам беради.[15,16]

Тамаки маҳсулотларига нисбатан “зарарни камайтириш” стратегиясини қўллаб бўлмайди, чунки ишлаб чиқариш технологиялари ёки хусусиятларининг ўзгаришидан қатъи назар, тамаки маҳсулотлари зарарли ва хавфли маҳсулот бўлиб қолаверади.

  1. Ҳисобот мустақил илмий маълумотлар манбаи сифатида қаралиши мумкин эмас, чунки у тамаки саноати билан боғлиқ ташкилот ва муаллифлар томонидан тайёрланган.

Ҳисобот Smoke Free Sweden ташкилоти томонидан чоп этилган бўлиб, ўзини Health Diplomats ташкилоти томонидан билан аффилланган деб маълум қилади. Ўз навбатида, Health Diplomats ташкилоти тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар (Тамаки ва никотин бўйича глобал форум ҳомийлари рўйхатига кирган компаниялар) билан ҳамкорлик қилаётганини эълон қилган.[17] Тамаки ва никотин бўйича Глобал форум таркибига, жумладан, British American Tobacco, Philip Morris International, Imperial Brands ва бошқа тамаки компаниялари киради.[18]

Ҳисобот муаллифи Делон Ҳьюман «Smoke Free Sweden» ташкилотининг етакчиси ҳисобланади[19] ва у бир неча бор British American Tobacco билан ҳамкорлик қилган ва маслаҳат хизматларини кўрсатган.[20]

Шундай қилиб, «Smoke Free Sweden» ташкилоти сайтидаги Ҳисобот муаллифлари тамаки компаниялари томонидан молиялаштирилган тадқиқотчилардир.[21,22]

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг тамакига қарши курашиш сиёсати тамаки ва никотиндан холи мамлакат яратишга қаратилган. Оддий сигареталарни “зарари камроқ” муқобил тамаки маҳсулотларига алмаштириш муаммони ҳал қилмайди, чунки тамаки ва никотин маҳсулотларининг хавфсиз турлари мавжуд эмас, бундай маҳсулотларнинг барча турлари соғлиққа зарар етказади.

Тамакига қарши курашиш бўйича Швеция мустақил экспертлари фикрлари

2024 йил май ойида Швециянинг “A Non-Smoking Generation” нотижорат фонди раҳбари Helen Stjerna хавотирланиб огоҳлантирган: «Ҳозирда Швеция тамаки тутунидан холи бўлаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда, аммо бу афсона тамаки саноати томонидан тарқатилмоқда». Helen Stjernaнинг айтишича, Швецияда 2022 йилда телевидение ва радио орқали никотинли маҳсулотларни реклама қилишни тақиқловчи қонун қабул қилинганига қарамай, тамаки саноати ижтимоий тармоқлар орқали маркетингни ҳамон молиялаштиришмоқда ва оқ никотинли снюсни, айниқса ўсмир қизлар ва ёш аёллар орасида тажовузкорона тарзда тарғиб қилмоқда.[23]

Мактабларда снюс чекиш эпидемия даражасига кўтарилмоқда: 18 ёшга тўлган ўқувчилар уни бемалол сотиб олиб, кейин ўзларидан кичик синфдаги ўқувчиларга сотмоқда, улар эса мактабнинг ўзида снюс чекмоқда. Ҳозирги вақтда Швецияда бу ҳаракатни тақиқлайдиган қонуннинг йўқлиги катта муаммога айланган.[23]

2024 йил ноябрь ойида Халқаро ракка қарши курашиш иттифоқи президенти ва Швеция онкология жамияти Бош котиби Ulrika Årehed Kågström қуйидагича баёнот берди: «Чекиш – саратоннинг олдини олиш мумкин бўлган етакчи сабабларидан биридир. Шунинг учун Швецияда чекишнинг шундай паст даражаси билан мақтана олиши қувонарли ҳолат бўлиб, бу аҳоли соғлиғини сақлаш бўйича ишончли стратегияларнинг самарадорлигидан далолат беради. Бироқ тамаки саноати ўзининг тижорат манфаатлари йўлида снюс каби тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш мақсадида ушбу ютуқни бузиб кўрсатаётгани ташвишлидир. Оммавий ахборот воситалари томонидан бундай ҳикоя ва ёлғон маълумотларнинг қабул қилиниши хавотирли, чунки бу жамоатчилик фикрига ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги қарорларга таъсир қилади”.[24]

 

Шуҳрат Шукуров – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш
вазирлиги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг бош мутахассиси

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 24 май “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги ЎРҚ-844-сон Қонунининг 37-моддаси. https://lex.uz/docs/6472104?ONDATE=01.03.2026.
  2. Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 27 ноябрь “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1098-сон Қонунининг 4-моддаси. https://lex.uz/docs/7869890.
  3. 2023 Global Progress Report on Implementation of the WHO Framework Convention on Tobacco Control, World Health Organization 2023. https://fctc.who.int/resources/publications/m/item/2023-global-progress-report.
  4. WHO report on the global tobacco epidemic, 2025: warning about the dangers of tobacco. Fresh and alive MPOWER, World Health Organization, 2025. https://www.who.int/publications/i/item/9789240112063.
  5. WHO global report on trends in prevalence of tobacco use 2000–2024 and projections 2025–2030. World Health Organization 2025. https://www.who.int/publications/i/item/9789240116276.
  6. The Public Health Agency of Sweden. Towards a smoke-free Sweden. https://www.folkhalsomyndigheten.se/the-public-health-agency-of-sweden/living-conditions-and-lifestyle/andtg/tobacco/towards-a-smoke-free-sweden/.
  7. The Public Health Agency of Sweden. Use of tobacco and nicotine products. https://www.folkhalsomyndigheten.se/the-public-health-agency-of-sweden/living-conditions-and-lifestyle/andtg/tobacco/use-of-tobacco-and-nicotine-products/
  8. Health Behaviour in School-aged Children (HBSC), results for Sweden in the 2021/22 WHO study. Nationella resultat. Folkhälsomyndigheten, 2023. https://hbsc.org/unveiling-the-state-of-youth-health-and-behaviour-in-sweden-insights-from-the-latest-hbsc-study/
  9. «Ubekistan Country Report. Prepared by Healthy Initiatives. December 2021» https://globalactiontoendsmoking.org/wp-ontent/uploads/2024/02/Uzbekistan_country_report_3.21.22.pdf.
  10. Заявление ВОЗ о Фонде за мир без курения компании Philip Morris. 28 сентября 2017 года. https://www.who.int/ru/news/item/28-09-2017-who-statement-on-philip-morris-funded-foundation-for-a-smoke-free-world.
  11. Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан от 10 мая 2017 года № 266 «Об организации деятельности Научно-исследовательского института общественного здоровья и организации здравоохранения» https://lex.uz/docs/3199756.
  12. Edward Sutanto et al. Prevalence, Use Behaviors, and Preferences amongsers of Heated Tobacco Products: Findings from the 2018 ITC Japan Survey. Int. J. Environ. Res. Public Health 2019, 16, 4630; doi:10.3390/ijerph16234630. https://www.mdpi.com/1660-4601/16/23/4630.
  13. Jinyoung Kim,Hyunjae Yu, Sungkyu Lee, Yu-Jin Paek. Awareness, experience and prevalence of heated tobacco product, IQOS, among young Korean adults. Tob Control. 2018 Aug 29;27(Suppl 1):s74–s77. doi: 10.1136/tobaccocontrol-2018-054390. https://pmc.ncbi.nlm.nih.gov/articles/PMC6252497/.
  14. Fred Charatan. US judge allows class action over light cigarettes. BMJ. 2006 Oct 7;333(7571):722.doi: 10.1136/bmj.333.7571.722, https://pmc.ncbi.nlm.nih.gov/articles/PMC1592382/.
  15. Technical note on the call to action on electronic cigarettes. World Health Organization 4 December 2023. https://www.who.int/publications/m/item/technical-note-on-call-to-action-on-electronic-cigarettes.
  16. Heated tobacco products: summary of research and evidence of health impacts. World Health Organization 2023. https://www.who.int/publications/i/item/9789240042490
  17. The Global Tobacco and Nicotine Forum. https://healthdiplomats.com/disclosure/.
  18. The Global Tobacco and Nicotine Forum. https://www.gtnf.org/sponsors)
  19. Smoke Free Sweden. News & Articles. https://smokefreesweden.org/news/.
  20. Tobacco tactics from the University of Bath (United Kingdom). Delon Human/ Last edited on 20 November 2024. https://www.tobaccotactics.org/article/delon-human//
  21. Tobacco tactics from the University of Bath (United Kingdom). Centre for Research Excellence: Indigenous Sovereignty and Smoking (COREISS). Last edited on 16 June 2022, https://www.tobaccotactics.org/article/coreiss.
  22. Tobacco tactics from the University of Bath (United Kingdom). Quit Like Sweden. Last edited on 02 July 2025. https://www.tobaccotactics.org/article/quit-like-sweden/.
  23. Вы знаете, что такое белый снюс? Шведские антитабачные активисты бьют тревогу. 29 мая 2024 г. https://www.who.int/europe/ru/news-room/feature-stories/item/have-you-heard-of-white-snus–a-swedish-tobacco-control-activist-rings-the-alarm.
  24. Announcement. The misleading and industry-friendly narrative of Sweden’s ‘smoke-free’ status. 27 November 2024. Last update. 03 December 2024. https://www.uicc.org/news-and-updates/announcements/misleading-and-industry-friendly-narrative-swedens-smoke-free-status.
  25. Шуҳрат Шукуров – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг бош мутахассиси