You are currently viewing 15-49 ёшдаги ҳар 8 эркакнинг 1 нафари  алкоголь истеъмоли қурбони бўлмоқда
15-49 ёшдаги ҳар 8 эркакнинг 1 нафари алкоголь истеъмоли қурбони бўлмоқда

Алкоголь истеъмоли билан боғлиқ салбий оқибатлар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, 2016 йилда дунё бўйича тахминан 3 миллионта ўлим ва 15-49 ёшдаги эркаклар ўртасидаги барвақт ўлимнинг 12 фоизи (яъни ҳар 8 эркакнинг 1 нафари ) алкоголь айнан алкоголь истеъмоли билан боғлиқ.

Тадқиқотлар натижалари кўра алкоголь истеъмоли:

  • юрак-томир касалликлари, рак ва бошқа юқумлиги бўлмаган касалликларга;
  • юқумли касалликларга;
  • қасддан содир этилган жароҳатларга;
  • тасодифий жароҳатларга;
  • йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади.

Аҳоли орасида алкоголь истеъмоли. Алкоголь истеъмолининг “хавфсиз” чегараси ёки даражаси бўлмайди. Алкоголь истеъмоли билан боғлиқ касалланиш эҳтимоли ва салбий оқибатлар истеъмол қилинадиган алкоголь миқдорининг кўпайиб бориши билан ортиб боради ва алкоголли ичимликнинг маҳсулоти кучига, яъни ундага алкоголь миқдорига боғлиқ эмас.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларга қараганда, охирги 10 йил (2010-2020 йилар) мобайнида 15 ва ундан катта ёшдаги ҳар бир аҳолига нисбатан ўртача соф спирт ҳисобида алкоголли ичимликлар истеъмоли ўртача 19 фоизга ошган. Бунда ароқ-ликёр маҳсулотларининг чакана савдоси ўртача 22 фоизга, пивонинг чакана савдоси ўртача 14 фоизга ошди, винонинг чакана савдоси ўртача 43 фоизга камайган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2010 ва 2016 йиллар мобайнида аҳоли орасида алкоголь истеъмол қилиш 35 фоизга ошган (15 ёшдан катта бўлган ҳар бир одамга 1,7 литрдан 2,6 литргача соф спирт ҳисобида), Европа минтақасида эса ўртача 12,5 фоизга (мос равишда 11,2 литрдан 9,8 литрга) қисқарган.

Пивонинг саломатлик учун зарари. Кўпчилик, пиво кучли алкоголли ичимликларга нисбатан зарари камроқ, деган нотўғри тушунчага эга. Пиво саноати эса, пивони саломатлик учун фойдали деб, бонг урмоқда.

Пиво кучсиз алкоголли ичимлик бўлиб ҳисоблансада, алкоголга қарамликни ривожланишига кўпроқ ҳисса қўшади. Шу жумладан, бу маҳсулот кучли алкоголли ичимликлар каби жигар циррози, рак, алкоголга қарамлик (пивной алкоголизм), юрак касалликлари (“пиволи юрак – пивное сердце синдроми) ривожланишига сабабчи бўлади. Шунингдек пиво организмда гормонал бузилишларга, жинсий заифликка (импотенция) олиб келади. Бу эса эркакларда семириш касаллигига (пивное ожирение), аёлларда эркакларга хос ўзгаришларга (товуш тембрининг ўзгариши, елканинг ўсиши, сонларнинг торайиши, “пиволи мўйлов” пайдо бўлиши) олиб келади ва кўкрак раки билан касалланиш хавфи кескин ортади.

Пивонинг рекламасига муносабат. Пивони кучсиз алкоголли ичимлик сифатида чекланган тарзда бўлсада реклама қилиш, шубҳсиз, ушбу ичимликни аҳоли орасида, айниқса ёшлар орасида истеъмол қилинишини кўпайишига олиб келади.

Хусусан, тақдим этилган «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасида пивони телевидение ва радио орқали маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан соат 07:00 га қадар реклама қилиш кўзда тутилган. Гўёки болалар ва ёшлар бу вақтда телевизор кўрмайдилар. Лекин масалага чуқурроқ ёндашиладиган бўлса, бунинг аксини кўрамиз. Тунги вақтдаги кўрсатув ва кинофильмлар ютуб ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали кенг намойиш этилади. Ёшлар пиво рекламасини бу тармоқларда кўрмайди деб, ким кафолат беради?

Ўзбекистон қонунчилиги бошқа давлатларга намуна. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистоннинг алкоголь маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги амалдаги қонунчилигини бошқа давлатларга намуна қилиб кўрсатади (кўпикланадиган ва табиий виноларни чекланган тарзда реклама қилинишидан ташқари). Бунинг натижаси ўлароқ, 15 ёшдан катта бўлган аҳоли орасида дунё бўйича алкоголь истеъмоли кўрсаткичи мамлакатимизга нисбатан 2,3 марта кўп (дунё бўйича 6,4 литр, Ўзбекистон бўйича 2,7 литр).

Пивога нисбатан юмшоқ чекловлар қўллайдиган Европа мамлакатларида алкоголь истеъмоли билан боғлиқ рак касалликлари Ўзбекистонга нисбатан бир неча марта кўп.

Пиво саноати бизга Европа мамлакатлари, хусусан Германия, Франция, Италия, Чехия ва Данияда пивога нисбатан юмшоқ нормаларни қўллайдиган мамлакатларни бизга намуна қилиб кўрсатишга уринмоқдилар.

Шунинг учун, биз уларнинг статистикасини ўргандик. Бу мамлакатларда алкоголь эркаклар орасида йилига ўртача 12,5-23,2 литр (соф спирт ҳисобида) истеъмол қилинса, бу кўрсаткич аёллар орасида 2,8-6,1 литрни (соф спирт ҳисобида) ташкил этади. Яъни алкоголь истеъмол қилиш даражаси Ўзбекистонга нисбатан 2,5-5 марта кўп (Ўзбекистонда  ичувчи эркаклар  орасида йилига ўртача 15,8 литр, ғарб мамлакатларида эса 16,5-26,9 литр алкоголь истеъмол қиладилар).

Бу мамлакатлардаги алкоголь истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари, яъни алкоголь истемол қилиш билан боғлиқ бўлган жигар циррози, алкоголга қарамлик, йўл транспорт ҳодисалари кўрсаткичлари Ўзбекистондаги кўрсаткичлар билан катта фарқ қилмайди. Лекин алкоголь истемоли билан боғлиқ рак касалликлари бу мамлакатларда Ўзбекистонга нисбатан бир неча марта (эркаклар орасида 2-3 марта, аёллар орасида 2-4 марта) кўп учрайди.

Пиво рекламасининг оқибатлари. Агар Ўзбекистонда пиво  хатто чекланган тарзда реклама қилинадиган бўлса ҳам:

  • кучли алкоголли ичимлик ичувчи эркакларнинг асосий қисми  шу ичимликларни ичишда давом этадилар, чунки бу одатни ўзгартириш қийин;- ўсмирлар, ёшлар, аёллар ва ичмайдиган эркаклар орасида пивони истеъмол қилиш кўпаяди;
  • пиво истемол қилиш билан боғлиқ бўлган барвақт касаллик ва ўлим кўрсаткичлари ҳамда бошқа салбий оқибатлар кескин ортади.

Россияда кучсиз алкоголли ичимликларга нисбатан юмшоқ нормаларни қўллаш натижасида, пивонинг истеъмол даражаси кескин ошди ва оқибатда ёшлар ва болалар орасида “пиволи алкоголизм” касаллигига чалинганлар кескин кўпайди. 2012 йилда вояга етмаганларга пивони сотиш ва уни алкоголь маҳсулотларига тенглаштириш натижасида эса “пиволи алкоголизм” касаллигига чалинган болалар сони икки марта камайишга эришилди.

Мамлакат иқтисодиётига таъсири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг ривожланиш дастури томонидан Ўзбекистонда ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда алкоголга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар ҳар бир сўм учун 15 йиллик даврда 1,9 сўм фойда келтиради.

Туризмни ривожлантириш. Пивони реклама қилиш Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қўшади, деган қарашлар пиво саноати томонидан қўллаб-қувватланади. Лекин мамлакатимизда туризмни ривожлантиришда пивони истеъмол қилишга чорлаш орқали эмас, балки хавфсиз ва соғлом муҳит яратиш орқали эришиш мумкин, бу ўзбек халқи менталитетига ҳам тўлиқ мос келади. Бу ҳолат мамлакатимизда инвестицион иқлимнинг янада жозибадорлигига, туризм соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади. Албатта, мамлакатимизга фақат пиво истеъмол қилиш учун келадаган туристлар сони камайиши мумкин, лекин мамлакатимизга оила аъзолари билан қадамжоларни зиёрат қилишга, саёҳат қилишга, даволанишга келадиган туристларнинг сони албатта кўпаяди.

Пиво реклама қилинишини тўла таъқиқлаш учун қонунчилик асослари:

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 24-моддасида шундай дейилган: “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”. Алкоголь нафақат истеъмолчилар саломатлигига, балки уларнинг атрофидагиларига ҳам жиддий зарар етказади.

2. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларидан бири профилактика чора-тадбирларининг устунлиги кўрсатилган. Алкоголь истеъмолини камайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш профилактика чора-тадбирларининг қонуний асоси бўлиб хизмат қилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги ПҚ-4063-сонли қарори билан тасдиқланган “2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси”да 2023 йилгача аҳоли орасида алкоголь маҳсулоти истеъмолини 10 фоизга қисқартириш мақсади белгиланган.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сонли Қарорида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан бири: 2030 йилгача аҳоли ўртасида юрак-томир, онкологик, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлар туфайли барвақт ўлимни 30 фоизга қисқартиришга эришиш лозим. Юқумли бўлмаган касалликларнинг асосий тўртта хавфли омилнинг биттаси алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг 6 ноябрь куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида сўзлаган нутқларида профилактикага, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш устувор мақсадлардан бири эканлигинии алоҳида таъкидлаб ўтдилар.