Организмни тозалашда дастлаб ичакларни ва терини тозалаш зарур. Зеро, ичаклар ҳолати яхши бўлмаса касалликлар пайдо бўла бошлайди. Ичаклар соғлиғини таъминлашда энг муҳим омиллардан бири бу ичак микрофлорасининг соғлиғига жиддий аҳамият беришдир. Иложи бўлса ҳар куни таомлар билан бирга фойдали бактерияларга бой табиий маҳсулотлар истеъмол қилиш жуда муҳимдир. Ичаклардаги фойдали бактериялар организмни вируслар, бактериялар ва бошқа патогенлардан ҳимоя қилади.

Организмни чиқиндилардан тозалаш касалликларни олдини олишга ва хасталиклардан шифо топишга ёрдам берувчи безарар ва табиий усул ҳисобланади. Биз овқатланамиз, у майдалаб чайналади, сўнг ҳазм қилиниб, кераклиси баданга сингади, ортиқча, керакмас қисми чиқариб ташланиши керак.
Биз тўртта чиқариб ташловчи аъзони биламиз: Ичаклар, буйраклар, ўпка ва тери.
Бу аъзоларимиз яхши ишлаши учун организм юқори ҳаётий куч ва энергияга эга бўлиши керак. Организмдан керакмас моддаларни чиқариб ташлаш учун куч керак. Овқат ҳазм бўлиб, ортиқчаси чиқиб кетгунича 24,4 метр масофани босиб ўтар экан, бунинг учун инсон катта миқдорда энергия сарфлайди.
Иммунитетнинг 90% қисми ичакларда жойлашган. Шунинг учун ҳам ичакларнинг мунтазам тозаланиб туриши умумий соғлиқ учун жуда муҳимдир. Нотўғри овқатланиш сабабли мавжуд бўладиган зарарли токсик қолдиқлар вақт ўтган сари ичакларда йиғилиб бораверади. Ичаклар ҳолати яхши бўлмаса касалликлар пайдо бўла бошлайди.

Ичаклар тозалигини қандай таъминлаш мумкин?
Овқатланишни салатлардан бошлаш лозим. Уларнинг асосини қирғичдан чиқарилган сабзи ва карам ташкил қилса, кони фойда. Улардан кейин эса, овқатларни помидор, редиска, сельдер, лавлаги кўк барги ва шу каби ҳазми таом маҳсулотлари билан ейиш ошқозон-ичак тизими кислота –ишқор муҳитини барқарор ушлашга имкон беради. Ошқозонда кислота кўпайса, бу заҳарловчи ҳисобланади ва бундан холи бўлишга ҳаракат қилиш зарур. Кислота кўпайишининг олдини олинг, агар бу сурункали характер олса, қон босимининг доимий юқори бўлишига, оқибатда атеросклероз касаллигига олиб келади.
Зарарли кислота кристаллари эса, бўғимлар ҳаракатини ёмонлаштиради.
Қандай маҳсулотлар зарарли кислоталар пайдо қилади?
Булар шакар ва шакарли маҳсулотлар, кофе, тамаки, алкоголь, гўшт, балиқ, тухум ва туз. Агар сиз гўшт истеъмол қилсангиз, ҳафтасига 2-3 мартадан ошмасин. Фақат табиий озуқа истеъмол қилиш, мураккаб жараёнларда тайёрланадиган, консервация қилинган маҳсулотлардан узоқ бўлиш лозим. Оқсил моддаларига муҳтожлик сезганда, уларни дуккаклилар (мош, ловия, нўхот) ва ёнғоқ мағизлардан олиш мумкин.

Ичаклар соғлиғини таъминлашда ич қотмаслигига катта аҳамият бериш ниҳоятда муҳимдир. Нормал ҳолатда кунига 2-3 марта катта ҳожатга чиқилади. Истеъмол қилинган таом ҳазм бўлгач, унинг қолдиқлари 24 соатдан кўп бўлмаган вақт ичида организмни тарк этиши керак. Бунга қандай эришилади? Бунинг учун етарли тоза сув ва эримайдиган толалар(клетчатка)га бой маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш керак бўлади. Эримайдиган толалар ичакларда “тозаловчи” вазифасини бажаради ва қолдиқларни ташқарига чиқаришда ёрдам беради. Эримайдиган толаларга мева (айниқса, қора олхўри) ва сабзавотлар(карам, лавлаги, шолғом ва ҳ.к) ва янги майдаланган зиғир уруғи киради.
Буйрак тозаланиши учун ҳар куни тарвуз истеъмол қилиш ёки доим сельдр уруғидан чой дамлаб ичиш фойдали ҳисобланади. Икки миллион фильтрдан ўтадиган суюқликни инсон буйраклари баданга сингдириш ҳамда ортиқчасини чиқариб ташлаш каби жуда муҳим ишни бажаради, 2 литргача бўлган сийдик (қолдиқ) ишлаб чиқаради. Бунинг учун кўп ички куч ва энергия талаб қилинади.
Калий тузлари буйракларда сийдик ажралишини кўпайтиради. (Калий эса, полиз махсулотларида ва меваларда кўп. Масалан, яхши тайёрланган сабзи ширасидан 200 гр, сельдерей 400 гр, петрушка 20 гр, лимон 30 гр, аралаштириб бир кунда 1 марта 50 гр дан овқатдан 1 соат олдин ичилса, буйракдаги тошни эритиб тушириб юборишга ёрдам беради).
Ушбу муолажалар бажариладиган пайтда ҳар куни иссиқ ванна қабул қилиш керак. Ваннадан сўнг ҳамиша бел соҳасини иссиқ сақлаш керак.
Лимонли чой, узум барги қайнатмаси, ялпиз дамламаси ҳам буйракда томчиларни қисқартиришни яхшилайди, тош ёки тузларни силжишига ёрдам қилади, марваридгул гуллари, қайин барглари, арча мевалари, укроп меваси, петрушка меваси, қора маржон гуллари , қора зира мевалари, гул япроқ ўти, қирқ бўғин ўти, ер тути барглари ҳам буйрак фаолиятини яхшилашга ёрдам беради.

Тарвуз сийдик йўллари ва буйраклардаги туз ёки тошларни эритади. Ҳар куни (3 кг дан 1 кунда 3 марта 1 кг дан) тарвуз истеъмол қилинади. Пўчоғи қайнатилиб, сузиб ичилади ва ҳар куни 3 – 4 марта ванна қилиш ва енгил жисмоний меҳнат қилинади. Буйрак ва сийдик йўлларини тозалашни куз фаслида қилган маъқул. Лекин буйрак ва сийдик йулларини тозалаш зарурати туғилса, уларни ҳар доим ҳам тозалаш мумкин.

Буйракларни наъматак томири қайнатмаси билан ювиш муолажаси учун 2 ош қошиқ майдаланган наъматак томирлари 200гр сувда 15 дақиқа қайнатилади, совутиб, докада сузилади. 1 кунда 3 маҳал 1 стакандан овқатдан ярим соат олдин ичилади. Наъматак мевасини ҳам шунда ишлатиш мумкин.

Қонни тозалашда – Чиқиндилар қонга ўтиб йиғила бошласа, артерия ва веналар эластикликни йўқота бошлайди ва қаттиқлашади. Қонни тозалашда энг самарали восита – гиёҳли чойлардан фойдаланиш мумкин.
Тери ҳам организмдан баъзи зарарли моддаларни ташқарига чиқариб ташловчи воситадир. Терига нима суртсангиз, у қонга сўрилиши эҳтимоли катта. Чақалоқлар ва болалар терисига суртилган моддалар организмга жуда осон сўрилади. Тана териси ҳам улкан вазифани бажаради, унинг 96 миллион тешикчалари ўзидан заҳарларни тер ва намлик билан чиқариб ташлайди. Кун давомида етарли миқдорда сув ичиш терини намлигини сақлаш учун фойдали. Тери гигиенасига ҳар куни риоя қилиш зарур. Киши ювиниб, тоза кийимларда озода бўлиб юрса, тери тоза бўлади, касалликка чалинмайди. Ҳар куни душ қабул қилиш ва ҳафтада икки марта чўмилишга одатланиш лозим. Оилада ҳар кимнинг ўз шахсий сочиғи бўлиши шарт. Тери қуруқлашмаслиги учун юз, тана ва оёқ териси турига мос келадиган совундан фойдаланиш керак. Тери нафас олиши учун унинг тоза бўлиши билан бирга, ҳаво ўтказадиган табиий матолардан кийимлар танлаш лозим.

Терига суртиладиган моддаларнинг табиийлигига аҳамият бериш билан бирга мунтазам равишда терини ишқалаб ювиш, турли ванналар қабул қилиб туриш танани зарарли моддалардан халос бўлишида катта ёрдам беради.
Ўпка 5-6 литр қонни тозалаб, организмга кислород етказиб беради ва ёмон ҳавони чиқариб ташлайди. Бу вазифа ҳам катта куч ва энергия талаб қилади.
Шунинг учун:
- кислородга бой бўлган тоза ҳавода имкон қадар кўпроқ вақт ўтказиш, кечки сайрни канда қилмаслик;
- агарда ҳар бир инсон ўзи яшайдиган хонадон ҳавоси тоза бўлишига, яъни – микроиқлим шароитларига ҳам эътибор беришса, ўпкалар тоза ҳавога тўйинади. Хоналарни доимо шамоллатиб туриш, ҳар куни хоналарни намли латталар билан артиш лозим;
- бундан ташқари хона гулларини ўстириш ҳам фойдали;
- саноат чиқиндилари, ҳавони сунъий хушбўйлаштирувчи кимёвий моддалар каби, ташқи токсинлардан сақланиш лозим.
Инсонлардаги “ҳаётий куч”нинг вазифаси организмдан заҳарли моддаларни чиқариб ташлаш учун ички аъзоларни энергия билан таъминлашдан иборат экан.