Жопий йилнинг 2 август куни Тошкент шаҳрида «Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш» ҳафталиги доирасида Болалар миллий тиббиёт марказида “Она сути билан озиқлантириш — саломатлик ва баркамол ривожланиш гаровидир” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, пойтахт ва Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари, республика ҳамда вилоят оналик ва болаликни муҳофаза қилиш муассасалари мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ходимлари ҳам иштирок этишди.


Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханова кириш сўзи билан очди.
Қайд этилганидек, она сути — гўдаклар учун энг мукаммал озуқа. Аввало, у хавфсиз. Қолаверса, таркибида чақалоқларни кўплаб касалликлардан ҳимоя қилувчи антитаналар мавжуд.
Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича олти ойгача бўлган болаларнинг атиги 44 фоизи она сути билан озиқланмоқда. Ҳар икки янги туғилган чақалоқдан бири сунъий озуқа билан парваришланяпти.
Бу каби ҳолатларни камайтириш мақсадида 1990 йилдан буён август ойининг биринчи етти кунлигида дунёнинг 170 дан зиёд мамлакатларида “Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш” ҳафталиги ўтказиб келинмоқда. Бу йилги ҳафталик учун “Иш жойларида кўкрак сути билан озиқлантириш учун шароит яратайлик” шиори танланган.


Она сути таркибида чақалоқларни юқумли хасталиклардан ҳимояловчи иммун таначалар, ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар ҳамда бошқа кўплаб фойдали элементлар мавжуд.
Айни сабабдан халқаро ҳужжатларда гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан парваришлашни муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар жамият саломатлигини сақлашдаги муҳим вазифа эканлиги белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда 2019 йил 23 октябрда алоҳида меъёрий ҳужжат — «Она сути билан озиқлантиришни кўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.
Матбуот анжуманида гўдакларни она сути билан парваришлашда эмизикли аёлларга иш жойларида шарт-шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.


Батафсил маълумот: