Бугун Марказий ва Шарқий Европадаги энг йирик соғлиқни сақлаш тармоғига эга “Penta Hospitals International” ҳамда тиббиёт ходимларини халқаро мобиллиги бўйича етакчи “Globogate Concept AG” компаниялари вакилларидан иборат делегация Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтида бўлди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад соғлиқни сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлаш, касбий ва олий таълимни ривожлантириш ҳамда малакали тиббиёт мутахассисларини ишга жалб қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганишдан иборатдир.
Учрашувда Институт директори Амрилло Иноятов ва директор ўринбосарлари иштирок этиб, меҳмонларни муассаса фаолиятининг муҳим йўналишлари билан таништирдилар. Мулоқот давомида Ўзбекистонда тиббиёт статистикасини юритиш ва соҳани рақамлаштириш борасидаги ишлар, хусусан, ягона рақамли соғлиқни сақлаш оператори — DMED тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
“Penta Hospitals International” сифат бўйича директори Матсей Якубяк Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш борасида эришилган ютуқларни юқори баҳолади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли бир қатор таклифларни муҳокама қилдилар:
- Маҳаллий мутахассисларнинг Полша, Словакия ва Чехиядаги “Penta Hospitals” клиникаларида малака оширишини ташкил этиш;
- “Penta Hospitals”нинг Тошкентда филиалини очиш ва замонавий бошқарув тизими бўйича тажриба алмашиш;
- Икки диплом тизими (2 йил Ўзбекистонда ва 2 йил Европада ўқиш) асосида тиббиёт кадрларини тайёрлаш.
Маълумот учун: “Penta Hospitals International” — Марказий ва Шарқий Европадаги энг йирик халқаро шифохоналар ва поликлиникалар тармоғи бўлиб, у Чехия, Полша ва Словакияда 47 та шифохона ва 57 та амбулатория марказини бошқаради. “Globogate Concept AG” эса тиббиёт ходимларини касбий тайёрлаш ва Европада иш билан таъминлашга ихтисослашган компаниядир.
