Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–27-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 11 апрелда № 12/1-410-сон билан тасдиқланган “2023–2025 йилларга мўлжалланган “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракатини амалга ошириш Дастурида “Жоме масжидларида Имом-хатиблар томонидан ҳамда отинойилар томонидан соғлом турмуш тарзи тамойиллари бўйича суҳбатлар ўтказиш, маърузалар ўқилишини таъминлаш” вазифаси белгиланган.

Ушбу топшириқ ижроси юзасидан Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб қувватлаш маркази ҳамда Диний ишлар қўмитаси ҳамда Ислом академияси билан бу борадаги ишларни амалга ошириш кўзланган. Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Марказ ходимлари томонидан Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш марказида “Зарарли одатларнинг олдини олиш”, “Тамаки чекиш ва носнинг инсон организмига зарарли таъсири”, “Алкоголь маҳсулотлари истеъмолининг салбий оқибатлари” мавзуларида тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида берилган маълумотлар иштирокчиларнинг ўз иш фаолиятларида аҳолига соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш бўйича маълумотларни етказишларида, зарарли одатларни олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бу йўналишдаги барча саъй-ҳаракатлар аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларидан бири бўлган зарарли одатлардан йироқ бўлишга ундайди.

