You are currently viewing Тамаки – она-табиатимизга таҳдид

Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг 28 май куни «31 май – Бутунжаҳон тамакисиз» кун арафасида, орган ходимлари учун «Тамаки – она-табиатимизга таҳдид» маърифат дарси уюштирилди.

 «31 май – Бутунжаҳон тамакисиз кун»ида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти «Тамаки – она-табиатимизга таҳдид» мавзуси бўйича глобал кампания ўтказилишини эълон қилди. Бу кампания тамаки етиштириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш пайтида ва тамаки чиқиндиларининг она-табиатимизга таъсири хақида қарор қабул қилувчи шахслар ва жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган. Тамаки истеъмол қилувчи инсонлар учун бу тамакидан воз кечишга яна бир сабаб бўлади.

Аҳоли орасида тамаки истеъмолини қисқартириш кўплаб мамлакатлар учун стратегик устувор вазифа бўлиб қолмоқда. 2019 йилда тахминан 8,7 миллион нафар одам тамаки чекиш, иккиламчи тамаки тутун таъсири ёки тутунсиз тамаки истеъмол қилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу бутун дунё бўйича ўлим ҳолатининг 15,4 фоизи бўлиб, ўн йил аввалги 15 фоизлик кўрсаткичдан бироз кўпроқ.

Маърифат дарсида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассиси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши кураш бўйича консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шукуров Ш. маъруза қилди. У ўз маърузасида тамаки чекишнинг инсон организмига салбий таъсири, ёшлар орасида янги инновацион тамаки ва никотин маҳсулотларини истеъмол қилиш кўлами ошаётгани, уларнинг организмга таъсири ва никотинга қарамликнинг ривожланиши ҳақида гапирди. У тамаки саноатининг маркетинг ҳаракатларига, чекишга қарши кураш тамойилларига ҳамда тамакининг она-табиатимизга кўрсатаётган салбий таъсирига алоҳида эътибор қаратди.

Муҳокама давомида тадбир иштирокчилари жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, Ўзбекистонда тамакига қарши курашиш чора-тадбирларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор берилди.