2022 йил 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Wyndham Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистонда тамаки истеъмол қилинишини тўхтатиш бўйича инвестицион тадқиқот ўтказишга бағишланган идоралараро давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирнинг мақсади иштирокчиларни Ўзбекистонда тамаки истеъмол қилинишини тўхтатиш бўйича инвестицион тадқиқотнинг мақсади, вазифаси, кутилаётган натижалари билан таништириш, идоралараро маълумотлар манбаларини белгилаб олиш ҳамда асосий миллий ва халқаро манфаатдор тарафлар билан ҳамкорлик қилишга қаратилди.
Тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Президент Администрацияси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро ташкилотлар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
2003 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига аъзо давлатлар Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияни (кейинги матнда – Ҳадли конвенция) бир овоздан қабул қилган. 2005 йилдан бери амал қилиб келаётган Ҳадли конвенцияга бугунги кунда 182 та мамлакат қўшилган, дунё аҳолисининг 90 фоизидан ортиғини қамраб олган. Ҳадли конвенция жамият соғлиғини таъминлаш соҳасидаги энг муҳим ютуқдир.

Ҳадли конвенциянинг 14-моддаси тамаки истеъмол қилишни мамлакат даражасида тўхтатишга чақиради. Тамакидан воз кечиш соҳасида кўпгина умидвор ўзгаришлар юз берган бўлса-да, бу сиёсат Ҳадли конвенцияда кўзда тутилган тамакига талабни қисқартириш бўйича энг кам амалга оширилган тадбирлардан бири ҳисобланади.
Аъзо-давлатларнинг тамаки истеъмол қилинишига қарши курашиш/ қисқартиришнинг қандай стратегияларига инвестициялар киритиш лозимлиги ҳақида маълумотлар олишга ҳамда тамаки истеъмол қилишнинг иқтисодий оқибатларини ва тамаки истеъмол қилишдан воз кечиш афзалликларини чуқурроқ тушунишга талаби юқори эканлигини ҳисобга олиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг Юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича идоралараро мақсадли гуруҳи (UNIATF) тамаки истеъмол қилишни тўхтатиш бўйича миллий инвестицион тадқиқотларни ўтказиш услубияти ва қўлланмасини ишлаб чиқди.
Юқумли бўлмаган касалликлар ва руҳий саломатлик соҳасидаги инвестиция лойиҳалари тажрибасига асосланган ҳолда, UNIATF ҳозирги пайтда тамакига қарши кураш сиёсатини мустаҳкамлашдан манфаатдор бўлган мамлакатларда Тамаки истеъмол қилишни тўхтатиш бўйича инвестицион тадқиқотни ўтказишни мувофиқлаштирмоқда.
Ўзбекистонда тамакига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек тамакидан ҳоли мамлакатга айлантириш истагини ҳисобга олиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва UNIATF Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда тамаки истеъмол қилишни тўхтатиш бўйича инвестицион тадқиқот ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Асосий ахборот тақдим этилгандан кейин йиғилиш иштирокчилари томонидан тадқиқот услубияти батафсил муҳокама қилинди, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни тўплашни ташкил қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди, маълумотларни тўплаш билан шуғулланадиган ташкилотларнинг роли белгилаб олинди. Сўнгра ҳамкор ташкилотларнинг Инвестицион тадқиқотни ўтказишни ташкил қилиш ва уни келгусида амалга оширишдаги роли ва ҳиссаси муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Инвестицион тадқиқотни ўтказиш Ўзбекистонни тамакидан ҳоли мамлакатга айлантиришга қаратилган устувор стратегик йўналишларни белгилашга, далиллар асосида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича самарали комплекс дастурларни ишлаб чиқишга ёрдам беради, деб таъкидланди.
Муҳокама якунларига кўра, ташкилотчилар Ўзбекистонда тамаки истеъмол қилишни тўхтатиш бўйича инвестицион тадқиқот ўтказиш режасига тузатишлар киритдилар.