Таомномангиз одатдагидан кўп ҳам фарқ қилмаслиги ва иложи борича оддий бўлиши керак.
Рамазон – озиш фурсати эмас. Бу – сокинлик, хотиржамлик ойи. Агар утган йили соглигингиз билан муаммолар булган булса, албатта, шифокорга бориб, олдиндан овкатланиш тарзини кандай ташкил килиш борасида маслахатлашинг.
Саҳарлик вақтида овқатланиш
Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб илиқ сувга имкон бўлса бир қошиқ асал аралаштириб ичиб олиб, кейин саҳарликка тайёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутуламиз.
Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирда ҳам имкон қадар уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.
Эсда тутинг! Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизнинг тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:
- ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
- меъёридан ортиқ аччиқ чой;
- дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо);
- шўр маҳсулотлар ва тузламалар;
- кофе ва кофеинга бой маҳсулотлар;
- шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш;
- барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
- лавр (дафна) япроғи, наъматак меваси каби сийдик ҳайдовчи дамламалар.
Саҳарлик қилиш учун тўрт хил энг фойдали маҳсулотни келтириб ўтамиз.
1. Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, гречихали овқат ва шу кабилар.
2. Сут маҳсулотларидан творог, йогурт, қатиқ, сметана, ширчой ҳам фойдали ҳамда бу маҳсулотлар билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.
3. Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, мағиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.
4. Банан, гилос, анжир, ўрик, шафтоли, олма, олча, нок ва бошқа мевалар билан саҳарлик қилиб олиш лозим.
Юқоридаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан, алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида ўзимизни яхши ҳис қилишимизга замин яратади.
Саҳарлик рўзадор учун жуда муҳим бўлиб, у организмга куннинг биринчи ярмида самарали ишлаш учун зарур қувватга эга бўлиш имконини беради. Бу шунга олиб келадики, куннинг иккинчи ярмида организмга зарур энергия углеводлар ва ёғларнинг бир қисми парчаланиши ҳисобига ажралиб чиқади, аммо бу оқсиллар алмашинувига таъсир қилмайди, шундай экан, организмдаги алмашинув жараёни ҳеч ҳам зарар кўрмайди.
Шифокорлар саҳарликка мураккаб углеводлар — буғдой нон (қора нон), ёрмалардан тайёрланган таомлар, янги узилган сабзавотлардан салатлар ва қуруқ мевалар истеъмол қилишни тавсия этади. Гўшт, балиқ, тухум ёки сут маҳсулотлари организмда узоқ вақт давомида ҳазм бўлади ва шунинг учун организмни камида 8—12 соат давомида қувват билан таъминлайди. Оқсил ҳазм бўлиши учун ҳам анча узоқ (8 соат) вақт талаб этилади. Аммо уни кўп миқдорда истеъмол қилиш орқали жигарга оғирлик тушириш мумкин, бу аъзо ўзи шундоқ ҳам рўза пайтида зўр бериб ишлайди.
Шунингдек, оғиз ёпиш вақтида хурмоқоқи, бодом, банан тановул қилиш ҳам фойдалидир. Бироқ ҳаддан ташқари кўп ейиш ва ичиш керак эмас, акс ҳолда кун давомида организм фаолиятини қўллаб-қувватлаб туриш учун зарур бўлган минерал тузлар организмдан чиқиб кетади.
Саҳарлик вақтида қаҳвадан бутунлай воз кечган (ёки уни жуда оз миқдорда ичган) маъқул.
Кун бўйи чанқамаслик учун – Қатиққа кўкат ва бироз туз қўшиб ичилса, ҳам фойдали, ҳам чанқоқбосди бўлади.
Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади. Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса, секин-аста юракнинг кам уриши ва организмнинг шунга кўникиб қолишига, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади, бу эса ибодатларимизгаям ўз таъсирини ўтказиши мумкин.
Саҳарликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиб олиш тавсия қилинади.
Суткасига камида 7-8 соат ухлаб олиш керак. Яъни кундузги 1,5–2 соатлик уйқу тунги 4–5 соатнинг ўрнини босади, бунинг сабаби бизни ошқозонимиз тоза ҳолатда эканлигидадир. Кўпроқ пешиндан кейин ухлаб олиш тавсия қилинади.
Ҳар куни куннинг биринчи ярмигача 15–20 дақиқа қуёш ва ташқи ҳаво иссиқлигидан чиниқиб олиш лозим.
Ифторлик вақтида овқатланиш
Бу пайтда ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради, шу сабабдан бу пайтда инсонни таъм сезиш органлари каррасига яхши ишлайди.
Оғиз очиш вақтида дастурхонга мевалар, қуруқ мевалар, пишириқлар ва бошқаларни тортиш мумкин, асосийси — ошириб юборманг.
Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 мл.гача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан кейин овқатланишимиз мумкин
Овқат кўп бўлиши керак эмас — қовурилган ва хамирли таомларни чеклаш лозим. Ёғли ва қовурилган овқатларни жуда кўп еманг. Қовурилган таом овқат ҳазм қила олмаслик, жиғилдон қайнашига олиб келади, вазнни кўпайтиради
Энг маъқули — сабзавотлардан ёки гўшт ва сабзавотлардан тайёрланган таомдир. Сабзавотлардан салатлар, ёрмалардан таомлар — фойдали. Ширинликлар ейиш мумкин, бироқ кўп бўлмаган миқдорда.
Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиниши керак.
Овқатланиб бўлиб, тахминан 1 соатдан сўнг яхна ичимликлар, ширинликлар ва бошқа мевалардан истеъмол қилишимиз мумкин.
Ифтор ва уйқу оралиғида иложи борича кўпроқ сув ва шарбатлар ичинг, бу организмда суюқлик миқдорини меъёрий даражада сақлаб туриш учун зарур. Ичимликлардан янги сиқилган шарбатлар, морслар, компотлар, кисель ва чой, шунингдек, оддий сув ҳам тўғри келади.
Кечаси ётишдан бир соат олдин, қатиқ ва бошқа тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб олиб, сўнгра ухлашимиз мумкин.
Ҳар бир кишига организмининг ўзига хослигига қараб, аҳамиятли тадбирларни бажариб, рамазон ойини фойдали ўтказиб олишини тилаймиз.