You are currently viewing “Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан веломарафон мусобақаси ташкил этилди.

Пойтахтимизда 22 сентябрь — “Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан веломарафон мусобақаси ташкил этилди. Спортнинг велоспорт турини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш, бу орқали соғлом турмуш тарзини юксалтириш мақсадида уюштирилган мусобақа ҳар томонлама қизғин  кечди.

     Соғлиқни сақлаш, Спортни ривожлантириш, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур акцияда ҳаваскор спортчилар, турли ёш тоифасидаги ўғил-қизлар, давлат идоралари, хусусан, тиббиёт тизими ходимларидан иборат 800 нафардан зиёд аҳоли вакиллари иштирок этди. Марафонда  Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ходимлари ҳам иштирок этишди.

       Шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-340-сонли қарорининг 2 илова 37-банди ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг август-сентябр ойларида шанба куни “Саломатлик куни” тадбирлари доирасида жамоада, маҳаллаларда велосайрлар ўтказилди ва аҳоли кенг жалб этилди.

     Ўйлаймизки, бу каби мусобақаларни юртимизнинг барча ҳудудларида мунтазам ўтказиш лозим. Сабаби инсон қанчалик кўп жисмоний ҳаракат қилса, шунчалик соғлом ва иммунитети мустаҳкам бўлади.

     Тадбирларда жами 14 412 нафар иштирокчилар қатнашиб, шундан 6 785 нафар тиббиёт ходимлари, 7 654 нафар маҳалла фуқаролари йиғинлари аҳолиси иштирок этишди.