You are currently viewing Бутунжаҳон тамакисиз кун 2022 й. – “Тамаки – она-табиатимизга таҳдид” Идоралараро давра суҳбати

Аҳолининг соғлом турмуш тарзи маркази юқумсиз касалликларга қарши курашиш ва уларнинг хавфли омилларини олдини олиш мақсадида аҳоли орасида тамакидан воз кечиш ва тамакининг зарари ҳақида огоҳлантириш борасидаги тарғибот ишларини олиб бориш билан бир қаторда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш бўйича кенг доирадаги ўтказиладиган жамоатчилик муҳокамалирида фаол иштирок этиб келмоқда.

”Жорий йилда–ушбу кун “Тамаки – она-табиатимизга таҳдид”шиори остида кенг нишонланмоқда Шу муносабат билан 2022йил 31 май  куни «International Hotel» меҳмохонасида Бутунжаҳон тамакисиз кунга бағишланган «Тамаки – она-табиатимизга таҳдид» мавзусида идоралараро давра суҳбати бўлиб ўтди. .Тадбирда Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассислари Малика Валиева  ва Шухрат Шукуровлар иштирок этдилар.

Бутунжаҳон тамакисиз кун 2022 й. – “Тамаки – она-табиатимизга таҳдид”

Идоралараро давра суҳбати, 14:00, 2022 й. 31 май

2022 йил 31 майда «International Hotel» меҳмохонасида Бутунжаҳон тамакисиз кунга бағишланган «Тамаки – она-табиатимизга таҳдид» мавзусида идоралараро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ёрдамида қарор қабул қилувчи шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг эътиборини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 21 декабрда кабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунини қабул қилиниши ҳамда атроф-муҳитни тамакидан ҳимоя қилиш масалаларига қаратилди.

Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқаролар соғлиғини сақлаш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ибн Сино» жамоат фонди ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан Олий Мажлис Сенати, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Тамакидан воз кечиш борасида эришилган салмоқли ютуқларга қарамай, аксарият мамлакатлар учун бу стратегик устуворлик бўлиб қолмоқда. 2019 йилда тахминан
8,7 миллион нафар одам тамаки чекиш, иккиламчи тамаки тутун таъсири ёки тутунсиз тамаки истеъмол қилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу бутун дунё бўйича ўлим ҳолатларининг 15,4 фоизи бўлиб, ўн йил аввалги 15 фоизлик кўрсаткичдан бироз юқоридир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси тамакидан воз кечиш стратегиясини илгари суради ҳамда нархни шакллантириш ва солиқ солиш, қонунга хилоф савдони қисқартириш, тамаки маркетингига боғлиқ чекловлар ва аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича тавсияларни ўз ичига олади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлари тўпламида – MPOWER, мамлакатларга Ҳадли конвенцияга доир мажбуриятларни бажаришга ёрдам бериш мақсадини кўзлайдиган қуйидаги стратегик йўналишларни таклиф қилади:

  • тамакини истеъмол қилиш ва профилактика соҳасидаги сиёсатни мониторинг қилиш;
  • инсонларни тамаки тутунидан ҳимоя қилиш;
  • чекишни ташлашга ёрдам беришни таклиф қилиш;
  • тамакининг зарари ҳақида огоҳлантириш;
  • тамаки маҳсулотларини реклама қилиш, сотувни рағбатлантириш ва ҳомийлик қилишни тақиқлаш;
  • тамакига солиқларни ошириш.

«2021 йил декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида» янги Қонунини қабул қилди, бу Қонун  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси қоидаларини ҳамда MPOWER чора-тадбирлар тўпламини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, – деб таъкидлади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси раиси Иминов Одилжон Каримович.  – Ушбу Қонуннинг Олий Мажлис Сенати томонидан ўз вақтида ва тўлақонли маъқулланиши миллат генофондини ҳимоя қилиш, фарзандларимизни тамаки ва никотинли маҳсулотлар истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш, тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиш даражасини қисқартириш, юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлимни камайтириш имконини беради».

«2022 йил 31 май – Бутунжаҳон тамакисиз кун» атроф-муҳитимизни тамакидан ҳимоя қилишга бағишланган – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс хоним. – Ушбу кампаниянинг мақсади тамаки етиштириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш пайтида ва тамаки чиқиндиларининг атроф-муҳитга таъсири хақида қарор қабул қилувчи шахслар ва жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ҳамда тамаки саноатининг «яшил камуфляж»даги маҳсулотларни реклама қилиб, уларни экологик хавфсиз, деб кўрсатишга уринишларини фош қилишдир.

Тамаки саноати ҳар йили атроф-муҳитга ис гази эквивалентида 84 мегатонна иссиқхона газларини чиқаради, бу эса ресурсларнинг беҳуда сарфланиб, экотизимга зарар етказган ҳолда иқлим ўзгаришига ва барқарорлигининг пасайишига олиб келади.

Ҳар йили тамаки етиштириш учун 3,5 миллион гектар ерлар йўқ қилиб юборилади. Тамаки етиштириш, айниқса ривожланаётган мамлакатларда, ўрмонларнинг қисқаришига олиб келади. Тамаки плантациялари учун ўрмон дарахтларининг кесиб юборилиши тупроқ деградациясига ва ҳосилдорлигининг йўқолишига ёки тупроқда бирорта бошқа экин ёки ўсимликларни экиб бўлмаслигига сабаб бўлади.

Тамаки ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 90 фоизга яқини ривожланаётган мамлакатларга тўғри келиши ҳисобга олинса, тамаки турли ижтимоий-иқтисодий гуруҳларга ниҳоятда нотекис таъсир кўрсатади. Кўпчилик фермерлар ва давлат амалдорлари тамакига иқтисодий ўсишни таъминлайдиган товар экини сифатида қарайди. Бироқ бу экинлардан келадиган қисқа муддатли пул тушумлари узоқ муддатли оқибатлар туфайли йўққа чиқади, булар – озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосининг кескинлашуви, фермерларнинг тез-тез
ва чуқур қарзга ботиши, тамаки саноати ходимларининг касалмандлиги ва ночорлиги, шунингдек атроф-муҳитга жиддий зарар етказилишидан иборат.

«Тамаки истеъмол қилишнинг экологик оқибатлари сайёрамизнинг бусиз ҳам камайиб кетаётган ресурслари ва беқарор экотизимига ортиқча юкламани юзага келтиради. Ҳар бир чекилган сигарета билан сиз ресурсларни улар қаерда кам бўлса, ўша ерда сўзнинг том маъносида ёқиб юборасиз, ваҳоланки бизнинг борлигимиз шу ресурсларга боғлиқ, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси аъзоси Қизилгул Қосимова хоним. – Ўзбекистонда экиш майдонлари ҳамда етиштирилаётган тамаки барги ҳажмлари аста-секин қисқариб бормоқда. Бундай ҳолат тамаки етиштиришнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиради. Бошқа тарафдан эса, тамаки етиштирувчиларга ва тармоқ ходимларига муқобил экинларга ва яшаш воситаларига ўтишда қўмаклашиш бўйича стратегияни ишлаб чиқишни талаб этади».

Тадбир ниҳоясида Ўзбекистонда тамаки истеъмол қилинишини қисқартириш нафақат саломатлик билан боғлиқ мақсадлар учун, балки Барқарор ривожланиш соҳасидаги барча мақсадлар учун муҳим дастак бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Бунда тамаки
ва никотинли маҳсулотларни истеъмол қилиш билан боғлиқ экологик ва иқтисодий зарарларни қисқартириш учун тамакига қарши қонуннинг маъқулланиши ниҳоятда муҳимдир.

Қўшимча ахборот учун:

1. Кизилгул Қосимова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси аъзоси, тел. 71-239-81-73;

2. Малика Валиева, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассиси, тел.: 78-150-84-04.

3. Назокат Касимова, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича миллий ходими, тел.:71 281-51–72.